Сенаторлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўриляпти.
Бу эса, бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, уларнинг тавсияларига асосан Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонун билан Сайлов кодексига, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Хусусан, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунда сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолиниши белгиланяпти.
Бунда депутат сайлов округининг ҳудуди жойлашган халқ депутатлари Кенгаши ёхуд янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда шакллантирилган халқ депутатлари Кенгаши таркибига киради, депутатнинг ваколатлари муддати эса мазкур халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига мувофиқлаштирилади.
Сайлов кодексида эса, янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликдаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига сайловни ўтказиш учун сайлов округлари сонини белгилаш ва ушбу сайлов округларини, сайлов комиссияларини тузиш, сайловни ўтказишга доир қоидалар мустаҳкамланяпти.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунига киритилаётган ўзгартиришлар орқали референдум ўтказувчи комиссиялар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, чет давлатларда турган фуқароларни овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига киритиш, референдум ўтказувчи комиссия аъзолари бўла олмайдиган шахслар доираси белгиланяпти.
Қонун қабул қилиниши натижасида маъмурий-ҳудудий бирликлар ташкил этилганда ёки маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари ўзгарганда депутат тегишли маҳаллий Кенгаш таркибига кириши ва ваколатлари муддати давом эттирилиши, янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликда маҳаллий Кенгашга сайловни ўтказиш учун сайлов округлари сонини белгилаш ва ушбу сайлов округларини тузиш, худди шунингдек сайлов комиссияларини тузиши, шунингдек, янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказишга оид муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинишига эришилиши қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.