Ташриф давомида Азиз Абдуҳакимов ва Сара Ношади Бухоронинг тарихий қисмидаги «Арк» қалъаси, Масжиди Калон, «Абдулазизхон» ва «Улуғбек» мадрасалари, Қоракўл туманидаги қадимий «Пойкент» археология ёдгорлиги, «Нодир Девонбеги» мадрасаси, «Хўжа Калон» масжиди ва «Хўжа Калон» ҳовузи каби маданий мерос объектларида олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш, реставрация ишлари билан танишишди.

Шунингдек, Бухоро шаҳар, Ғиждувон кўчасида жойлашган “Metric Ventures” (Hyatt Regency), «International Hotel Services» (Whyndham), «Тинчлик» «Олмачи Тур Сервис» масъулияти чекланган жамиятларига қарашли меҳмонхоналарнинг қурилиш жараёнларини кўздан кечиришди.

Туризм ва маданий мерос вазири шаҳарнинг тарихий қисмида жойлашган маданий мерос объектлари, шунингдек Когон туманида жойлашган Амир Олимхон саройи реставрацияси ва таъмирланишига доир кўрсатмалар берди.

Шунингдек, Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Бухорода ташкил қилиниши кутилаётган «Туризм шаҳарчаси»ни қуриш бўйича мутасаддилар билан таклифлар тайёрланиши муҳокама қилинди.

Азиз Абдуҳакимов шунингдек Бухоро шаҳридаги Туризм ва маданий мерос техникумини кўздан кечирди ва ўқув масканидаги қурилиш-таъмирлаш ишларини ноябрь ойига қадар якунлаш бўйича тавсия ва топшириқлар берди.