Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилиш, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши курашларда букилмас ирода ва жасорати намунасини намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили кенг нишонланадиган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Юртимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти хизматчиларининг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги, 2019 йил 24 апрелдаги, 2020 йил 31 март кунидаги ва 2021 йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган.

УЖорий йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига 12 миллион сўмдан пул мукофоти ва байрам совғалари берилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётир. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар, Миллий гвардия ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўюштирилмоқда.

Жанггоҳларда мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қилишимиз, айни вақтда Ватанимиз озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур юртдошларимизнинг номларини ҳам ҳурмат-эҳтиром билан эсга олиш, уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиздир. Бутун дунёда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талофот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди.

Халқимизнинг уруш йилларидаги чинакам матонат ва жасорати бутун инсоният учун ибратдир. Ўзбек халқи жанг майдонларидан юртимизга эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишига ўз уйидан жой берди. Улар орасидаги 200 минг болани юзлаб ўзбек оилалари “Сен етим эмассан”, деб ўз паноҳига олган, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шунингдек, генерал Собир Раҳимов ҳайкали Тошкент шаҳри Олмазор  тумани ҳокимлиги олдидаги эски ўрнига қайтарилгани, ўзбекистонлик барча ботир жангчиларнинг сўнмас хотирасига атаб “Мангу жасорат” номли монумент барпо этилгани, Ғалаба боғининг марказий кириш жойининг ўнг томонида инсонни ҳайратга соладиган уруш йиллари Тошкент вилояти, Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаб ўтган Зулфия Зокированинг инсоний жасорати, ўзбек аёлларига хос буюк жасорати ва сабру бардошини тасвирловчи ёдгорлик монументини ташкил этилишини ва ўша жойда Ғалаба боғи ва “Шон-шараф” музейининг ташкил этилганлиги 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон уруши фронтида матонат кўрсатган юртдошларимиз хотирасини улуғлаш йўлидаги яна бир эзгу қадам бўлди.

Бугун урушнинг азобу уқубатларини кўрган кексалар билан суҳбатлашсангиз, ҳозирги тинч-осойишта замонамиз, кун сайин чирой очиб бораётган шаҳару қишлоқларимиз, ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, келажакка ишонч билан интилаётган юртдошларимизни кўриб, яна яшаргандек бўлишини айтади. Бу эса, бугунги фаровон кунлар шукронасидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар кишига катта ҳузур ва қувонч бағишлайди. Ана шу неъматларга муносиб бўлиш, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, доим ҳушёр ва огоҳ бўлиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

 

                                                                      Шуҳрат Ҳотамов,

  Алишер Хурсандов,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги университети доцентлари