Айни пайтда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган, тегишли тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларининг келгуси меҳнат фаолияти масаласи жамоатчилик эътиборида турибди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тил фанидан дарс бераётган педагоглар камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши лозим.

Дастлаб 2024–2025 ўқув йилигача амал қилиши белгиланган мазкур талаб педагоглар ҳамда жамоатчилик мурожаатлари асосида бир неча бор узайтирилган.

Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан хорижий тил фани ўқитувчилари лавозим малака тавсифларига B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиш асосий талаб сифатида киритилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вазирлик томонидан педагогларни сертификат имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида ҳудудларда малакали мутахассислар иштирокида бепул онлайн ва офлайн ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Натижада, 2025 йил сентябрь–декабрь ойларида 5 минг нафардан ортиқ ўқитувчи тегишли тил сертификатини қўлга киритди. Ҳозирда республика бўйлаб 39 минг нафардан зиёд хорижий тил ўқитувчиси сертификатга эга бўлиб, бу уларнинг таълим сифати ҳамда моддий рағбатлантирилишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Вазирлик маълум қилишича, бундай ўқув машғулотлари келгусида ҳам давом эттирилади ва B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026–2027 ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилади.

Ушбу чора-тадбирлар ўқувчиларнинг сифатли ва чуқур билим олишини таъминлаш, уларнинг келажакда замонавий касбларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланмоқда.

Педагоглардан мазкур янгилик ва талабларга масъулият билан ёндашиш, касбий бурчларини сидқидилдан бажариш сўралмоқда.