Ташрифнинг биринчи кунида БАА Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Энергетика ва инфратузилма вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Хусусан, Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Тук ал-Марри билан ўтказилган мулоқотда икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама этилди.

БАА янги хусусий компанияларининг Ўзбекистон бозорига киришга қизиқаётганлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, кимё, кон-металлургия ва тўқимачилик саноати энг истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди.

Туризм, кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳалардаги компанияларнинг давлат улушини сотиб олишни назарда тутган ҳолда, БАА компанияларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА Ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилишини ҳамда қўшма бизнес-форумни ташкил этиш масаласи келишиб олинди.

Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруи билан мулоқот чоғида Ўзбекистон энергетика соҳаси ва инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида икки томонлама инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.

БАА томони Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорлик самарали ва муваффақиятли ўзаро шерикликнинг амалий намунаси эканини алоҳида таъкидлади, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.