«CEO Clubs» компанияси томонидан ташкил этилган учрашувда савдо ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
«Fine Hygienic Holding» компаниясига 1958 йилда асос солинган. Компания бош офислари Амман (Иордания) ва Дубайда (БАА) жойлашган. «Fine Hygienic Holding» компанияси йилига 210 минг тонна саломатлик ва гигиена маҳсулотлари, шунингдек, табиий озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқаради. Компаниянинг Иордания, Миср, Саудия Арабистони, Марокаш ва БААда ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд бўлиб, уларда турли миллатга мансуб 3 минг нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Яқин Шарқ, Африка, Eвропа, Осиё ва АҚШ бўйича 80 дан ортиқ бозорларга маҳсулотларини етказиб беради.
Учрашувда «Fine Hygienic Holding» компанияси ўз фаолияти тарихи, маҳсулотлари номенклатураси ва ҳамкорлик масалаларига бағишланган тақдимот ўтказди. Корхона раҳбарига Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида инвесторлар учун мавжуд имкониятлар, соҳанинг мавжуд экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
«Fine Hygienic Holding» компанияси вакиллари жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳамда мавжуд имкониятлар билан бевосита танишиш истагини билдирди.
Мулоқот якунида ушбу ташрифни ташкиллаштириш ва республикамиз ишбилармон доиралари билан учрашувлар белгилашга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.