Ушбу оилаларда жами 22 нафар етим болалар вояга етяпти. Ташаббускор – туман бош имом-хатиби Соҳибжон Аҳмедовнинг маълум қилишича, лойиҳани амалга оширишда туман ҳокими Восилжон Назаров бош-қош бўлди. Куни кеча бу уйлар ўз соҳибларига тантанали тарзда топширилди.

— Туманимиз ҳокими кунда-кунора келиб, қурилиш ишларининг сифатли бажарилишини назорат қилиб борди. Ҳашарчиларни баҳоли қудрат қўллаб-қувватлаб, муносиб рағбатлантириб турди. Яратганга шукр, бошлаган хайрли ишимиз жуда чиройли якун топди. Ушбу лойиҳада иштирок этган, моддий-маънавий жиҳатдан ёрдам берган барча юртдошларимизга мингдан-минг раҳмат айтаман, — дейди Соҳибжон Аҳмедов.

Ёқутхон опа Тешабоева бундан 13 йил олдин турмуш ўртоғидан айрилди. 4 нафар мурғак фарзандини бағрида улғайтирган Ёқутхон опа ўшандан буён уйсиз, сарсон-саргардон эди.

— Жуда оғир кунларни бошдан кечирдим, — дейди у биз билан суҳбатда. — 13 йил ичида ижарама-ижара яшаб, рўзғор учун 4 сўм пул орттиролмадим. Онаман – сезаман, болаларим ўзимга билдиришмасликка уринадилару, лекин кўчадаги тенгқурлари даврасида росаям қимтиниб катта бўлишди. Сабрда гап кўп экан: мана, шунча йиллик азоб-уқубатларимиз тугаб, янги уйга эришиб турибмиз. Шу ишга бош қўшган яхши инсонлардан Аллоҳим рози бўлсин! Топгани тўйларга буюрсин!

Ёқутхон опа ва унинг фарзандлари учун мўлжалланган 3 хонали, пешайвонли муҳташам уй миллий андозаларни ўзида жамлаган: тандир-ўчоқ, 30 бош паррандага бошпана бўлган товуқхона, чоғроққина бўлсада томорқа – барчаси хонадон эгаларининг фаровон турмушига асқатади.

— Қурилган 8 та уйнинг барчасида мана шунақа қулайликлар бор, — дейди лойиҳа ташаббускорларидан яна бири — Youtube ижтимоий тармоғидаги —«Iqro.uz» канали админи Носиржон Усмонов. — Булардан ташқари, ҳар бир хонадон зарур мебель жиҳозлари, кўрпа-ёстиқдан тортиб идиш-товоқларигача тўлиқ таъминлаб берилди. Ва яна, 30 бошдан товуқ, 500 кгдан кўмир, 1 ойга етгулик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Умуман олганда, янги уйга кўчиб ўтган 8 та оила ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшаши учун ҳамма шароит бор. Лойиҳани амалга оширишда ҳурматли устозимиз Соҳибжон Аҳмедов, Youtube каналимиз ходимлари Шерали Маҳсудов, Шерали Сайдалиев ҳамда дунёнинг турли манзилларидан туриб бизни моддий жиҳатдан қўллаган саховатпеша инсонларнинг ёрдами муҳим роль ўйнади.

Ташаббускорларнинг маълум қилишича, «8 жаннат эшиги» номини олган ушбу кўчани асфальтлаштириш, ҳар бир хонадонга имтиёзли нархда WI-FI ўрнатиш бўйича ишлар давом этяпти, деб хабар беради Бағдод туман ҳокимлиги матбуот хизмати.