Авваллари, меҳнатободлик ёшлар шу ҳудуддаги эски дала шийпони ўрнида мослаштирилган бинода бошланғич таълимни олишар, юқори синфларда ўқиш учун эса ҳар куни 4-5 километрлик йўлни пиёда босиб, қўшни қишлоқдаги мактабга қатнашар эди. Энди бунга мутлақо зарурат қолмади.
Ўқув хоналари кенг, шинам, ёруғ, барча зарурий ўқув жиҳозлари билан таъминланган ва энг муҳими, халқнинг бирдамлиги, ташаббускорлиги меваси бўлган янги мактабнинг қурилиши кўп йиллик муаммонинг ижобий ечими бўлди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова ҳам иштирок этди. Ўқув хоналарига бирма-бир кириб, ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Уларни янги маскан билан табриклади. Шунингдек, мактаб кутубхонасининг илк китобхонларидан бўлди. Сенатор мактаб кутубхонасига ўттиздан зиёд китоб совға қилди.