Замонавий халқаро муносабатлар шароитида давлатлараро миқёсда бағрикенгликни сақлаш ва мустаҳкамлаш нафақат айрим мамлакатларнинг орзу-интилишларига, балки ўзаро ҳамкорлик алоқаларига ҳам боғлиқдир.
Қадимда алломалар юртимизни бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни тарғиб қилувчи асарлари билан дунёга танитган бўлса, бугун мамлакатимиз чин маънода турли миллатлар аҳил-иноқликда умр кечираётган бахтиёр юрт сифатида барчанинг ҳавасини келтирмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда юртимизда 16 та диний конфессияга мансуб 2238 та диний ташкилот, 130 дан ортиқ миллат вакилларини ўзида жамланган 140 га яқин миллий-маданий марказ эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Бағрикенглик ва тотувлик асосида юзага келган бугунги тинчлик-осойишталик эса Ўзбекистон ютуқларининг асосий пойдевори бўлмоқда.
Ушбу хусусиятлар Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида ҳам яққол кўринади. Бу ташкилоти халқларнинг маданиятлари, анъаналари, урф-одатлари ва маънавий салоҳиятларининг ноёб намунасидир.
Ҳозир ШҲТ 18 та давлатни қамраб олган бўлиб, ушбу ҳудудда 3 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларда 200 га яқин миллат вакиллари яшайди. Халқларимизни умумий тақдир, тарих, азалий яқин дўстона алоқалар ва ришталар бирлаштириб туради. Энг муҳими, ўзаро ишонч ва бир-биримизга бўлган ҳурмат бизни янада яқинлаштиради.
ШҲТнинг 20 йиллик тарихи давомида ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, бағрикенглик, тотувлик, маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш ва ҳамкорликда ривожланишга интилишни назарда тутувчи “Шанхай руҳи” тамойилларига содиқ қолинди.
Бой маданий салоҳият, шунингдек, унинг турли этник ва диний таркиби ШҲТ маконида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.
Миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни тараннум этиш мақсадида Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда 2020 йилнинг 21 январь куни Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстлик анъанавий экани, бугунги шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги барча мамлакатлар учун долзарб масала эканини, ҳеч қайси бир цивилизациянинг устунликни, ягоналикни даъво қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидладилар. Ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган юртимиз алломаларининг илмий ва маънавий мероси тўғрисида, уларнинг илм йўлидаги ўзаро ҳамкорлиги, бошқа дин ва миллат вакилларига нисбатан бағрикенгликлари ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Охирги йилларда бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни тарғиб қилиш борасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аҳамияти ва салоҳияти дунё миқёсида кескин ошиб бормоқда.
Ҳиндистон ва Покистон ШҲТнинг доимий аъзолари сафига қўшилгандан сўнг ташкилот Евроосиёнинг Хитой, Россия, Ҳиндистон ва ислом цивилизациялари каби бир неча йирик тамаддун марказларини бирлаштирувчи маконга ҳам айланди.
Бу цивилизациялар нафақат бетакрорлиги ва анъанавийлиги бўйича баъзи умумий хусусиятларга эга, балки урф-одатлар, қадриятлар ва турли маданий амалиётлар билан ҳам ажралиб туради. Агар ШҲТ каби халқаро ташкилотлар, аввало, сиёсий ва иқтисодий прагматизмни кўзлаб иш юритишса, халқлар кўпроқ қалбан яқинлашади, бу эса давлат қурилиши ва бошқарувида ғоялар ҳамда мафкуравий тузилмаларнинг ўрнини белгилаб беради.
Спортни ривожлантириш бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳини тарғиб қилиш ва мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
ШҲТ доирасида ҳар йили йога ва тайзци кунлари ўтказилади. ШҲТнинг Куньминь марафони ташкилот фаолиятида муҳим спорт тадбиридир. У бутун дунёдан ўн минглаб одамларни йиғади ва халқлар ўртасидаги интеграциялашув, маданий алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Унинг халқаро мақоми ҳам мустаҳкамланмоқда.
Хулоса тариқасида айтиш жоизки, турфа дин ва миллат вакиллари истиқомат қилган диёримиздаги аҳиллик, бирдамлик, тотувлик анъаналарни давом эттириш шу заминда яшаётган ҳар бир юртдошимиз зиммасидаги муқаддас бурчдир.
Фахриддин Отбосаров,
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси
марказининг маданий-гуманитар
алоқалар бўлими бошлиғи.