Маълум бўлишича, 1976 йилда туғилган Д.И. 2006 йилдан 2024 йил август ойига қадар “Ўзмиллийбанк” тизимида турли лавозимларда ишлаган. Сўнгги йилларда вилоят бошқармасининг Пластик карточкалар ва чакана амалиётлар бўлими бошлиғи сифатида банкнинг пластик карталар, банкоматлар ва уларнинг дастурий таъминоти билан боғлиқ жараёнларига масъул бўлган.

Фаолияти давомида ўз хизмат ваколатлари ва банкнинг автоматлаштирилган банк тизими — IABS дастуридан фойдаланиб, бир неча йил давомида банк ҳамда мижозларга тегишли маблағни талон-торож қилиб келган.

UzCardъдаги хатолик 

Аниқланишича, 2019 йилдан бошлаб тижорат банкларида UzCard пластик карталари билан боғлиқ техник носозликлар кўпайгани сабабли ушбу тўлов тизимидан босқичма-босқич воз кечилиб, мижозларга Ҳумо пластик карталари тарқатила бошланган.

Шунга кўра, ходимлар томонидан UzCard’даги маблағ янги берилган карталарга ўтказишни амалга оширилиши лозим бўлган. Бироқ Д.И. айнан ушбу жараёндаги вақтинчалик техник имкониятдан фойдаланиб, IABS дастурида ўзи ҳамда бўлим ходимларига бириктирилган логин ва рухсатлар орқали операцияларни амалга ошириб, тизимдаги маълумотлар тўлиқ янгиланмасидан аввал маблағни шахсий эҳтиёжи учун ечиб олган.

Судланувчининг кўрсатмасига кўра, у 2019–2024 йиллар давомида 113 нафар мижознинг пластик карталаридаги жами 641 млн сўмдан ортиқ маблағни бўлиб-бўлиб ўзлаштирган.

Пуллар турли пластик карталарга ўтказилиб, кейинчалик банкоматлар орқали нақдлаштирилган. Натижада банк дастурида “ишлов берилмаган транзаксиялар” деб аталувчи молиявий номувофиқликлар юзага келган.

Банкоматлардан “ечилган” миллионлар

Бундан ташқари Д.И. банкга банкоматлар олиб келинган вақтда уларнинг корпус ва сейф калитларидан бир нусхасини олиб, йиллар давомида ноқонуний равишда яширин тарзда ўз ихтиёрида сақлаб келган.

“Тартибга кўра, банкомат корпуслари ва сейфлари 3 нусхада бўлади. Калитларнинг бир нусхаси хавфсизлик хизматида, яна биттаси кассада, учинчиси эса захира сифатида бошқа банкда сақланиши лозим эди”, дейди судланувчи.

2024 йил декабрь ойида банк раҳбарияти томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, “Фарғона амалиёт” БХМ тасарруфидаги банкоматлар ҳамда бошқа ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмаларида сақланаётган нақд пул маблағи ҳолати текширилган. Текширув давомида ҳисобварақлардаги қолдиқ маблағнинг келиб чиқиши ва уларнинг ҳақиқийлиги ўрганилган.

Ишчи гуруҳ бир вақтнинг ўзида барча банкоматлар фаолиятини тўхтатиб, комплекс текширув ўтказганида Д.И. томонидан “Фарғона деҳқон бозори” ҳудудидаги банкоматларда 2023 йил апрель–декабрь ойлари давомида амалга оширилган 7 та ноқонуний операция фош бўлиб, бангга жами 845 млн 20 минг сўм зарар етказилгани аниқланган.

Лезвия ва “супер клей”

Тергов жараёнида, у аввал банк тизимидаги логин ва паролидан фойдаланиб, банкоматнинг операцион кунини ёпганини, шундан кейин аввалдан яшириб қўйган калитлар ёрдамида банкомат сейфларини очиб, кассеталардан айрим ҳолларда 50 млн, 80 млн ва 100 млн сўмдан пул олганини билдирган.

“Текширувлар вақтида камомад билинмаслиги учун пломба ипларидан бирини лезвия билан эҳтиёткорлик билан кесардим. Пулларни олгандан сўнг ипни “Супер клей” ёрдамида қайта ёпиштириб, ҳолатни билинтирмасликка ҳаракат қилардим”, дейди Д.И. ўз кўрсатувида.

Банкга тегишли 10 та банкомат бир вақтнинг ўзида текширилмагани сабаб айрим банкоматларда камомад юзага келганда, бошқа банкоматлар ҳисобварақларидаги маблағдан фойдаланиб, янги ҳисобварақлар очиш ва уларни бириктириш орқали камомадни яширишга уринган.

Карталардан ўғирланган пуллар

Судда иштирок этган жабрланувчилардан бирининг вакили В. С.нинг айтишича, синглиси Т.Ш.нинг нафақаси “Ўзмиллийбанк”даги UzCard пластик картасига тушириб борилган.

Т.Ш. 2023 йилнинг май ойида Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида истиқомат қилувчи фарзандларини кўриб, Ўзбекистонга қайтганида унинг пластик картасидан 14 млн сўм маблағ ечиб олингани ҳақида смс хабар келган. Шундан сўнг ҳолат юзасидан банкка мурожаат қилган.

Аниқланишича, унинг номига янги Ҳумо пластик картаси очилгани ва UzCard картасидаги 26 млн 266 минг сўм қолдиқ маблағни кўчириш амалиёти бажарилган. Аммо мазкур операция охиригача тасдиқланмаган. Шу билан бирга, пластик картадаги маблағлар мобил иловалар орқали турли тўловларни амалга ошириш йўли билан 48 миллион сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган.

Суд ҳукми

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ҳукми билан Д. И. Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбли деб топилган. Унга нисбатан 3 йил муддатга банк тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 8 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бундан ташқари ундан Т.Ш. фойдасига 26,1 миллион, банк фойдасига эса жами 1 млрд 486 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган.