Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма Халқаро маданият карвонсаройида Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигига бағишланган рассом Гаяне Матевосяннинг “Баҳор фасли” номли суми-е (Сув, тушь, расм) кўргазмаси очилди.
Экспозициядан рангтасвирда тушь ёрдамида бажарилган суми-е “Тоғ лолалари”, “Ўрик гули”, “Шафтоли гуллари”, “Наврўз гуллари”, “Баҳор гуллари”, “Баҳор мадҳи”, “Тоғ олхўриси” каби кўтаринки руҳда ишланган ижод намуналари ўрин олган.
Уларда табиатнинг уйғониши, юртимизнинг турли-туман гуллари, заминимиз неъматларининг баҳордаги куртаклари, гуллари, куртак чиқарган дарахтларнинг ёш новдалари, баҳор фасли, кеча-кундузнинг турли вақтлари, биз унчалик эътибор бермайдиган ҳолатлари томошабинга завқ бағишлайди, мушоҳадага чорлайди.
Кўргазма жорий йилнинг 9 апрелига қадар давом этади.
Ҳасан Абдуназаров