Шундан сўнг Президентликка номзод сўзга чиқиб ўзининг сайловолди дастури ҳақида маълумот берди.

Инсон мудом адолат сари интилади. Адолат тамойили асрлар давомида ота-боболаримиз ҳаётий фалсафасининг ўзаги бўлиб келган. Зеро, адолат ақидаси ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам маънавий-ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. 

Халқимиз барча нарсадан устун қўядиган адолат ақидасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш энг бирламчи вазифамиздир. Негаки, адолат ҳукм сурган жамиятда тинчлик, бағрикенглик ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эътиқоди ортади, фуқароларнинг Ватан келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.

Янгиланаётган мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ғоялари билан ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” социал-демократик партияси фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуришни ўзининг бош мақсади деб билади.

Фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, аҳолининг заиф тоифаларини алоҳида ҳимоя қилиш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш партия фаолиятининг муҳим йўналишлари сирасига киради.

Сайловчиларга ўз дастуримизни партиямизнинг ўз олдига қўйган мақсад вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаган ва “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этмоқдамиз.

Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришни бош мақсадимиз, деб биламиз, – деди Баҳром Абдуҳалимов.

Эркин ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан номзодга мурожаат қилди. Уларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.