Қарорга кўра, “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офиси 2024 йилда қуйидагиларни амалга оширади, жумладан:

- педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини таҳлил қилиш;

- профессионал таълимдан сўнг олий таълимни давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш, 3 йиллик таълим дастурлари асосида амалий бакалавриат бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

- таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

2024 йил 1 сентябргача ўқувчилар (талабалар)нинг эгаллаган билимини ва педагогларнинг малакаларини баҳолаш тизими халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирилади.

2024–2025 йилларда:

  • Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификатори – Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига, таълим дастурлари эса – янгиланган касбий стандартлар ва малака талабларига мослаштирилади;
  • камида 14 та профессионал таълим муассасаларининг фаолиятига тажриба-синов тариқасида халқаро таълим дастурлари, камида 10 та олий таълим муассасаси фаолиятига – замонавий бошқарув усуллари ва таълим сифатининг юқори стандартлари жорий қилинади;
  • педагогика, қишлоқ ва сув хўжалиги, техника, ахборот технологиялари ҳамда иқтисодиёт соҳасига оид таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши таъминланади.