Ўзбекистон ёшлари форумида давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида ҳудудларда “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилишини ҳамда уларда ёшларнинг бизнес лойиҳалари жойлаштирилиши таъкидланган эди.
Президентимизнинг ўтган йили 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида берган кўрсатмалари асосида Қарши шаҳрининг “Хонтепа” маҳалласи ҳудудида икки гектар майдонда “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этилди. Бугун йигирмата лотга ажратилган кичик саноат зонасида умумий қиймати 20 миллиард 372 миллион сўмлик лойиҳалар шакллантирилган бўлиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар учун 320 та янги иш ўрни яратилмоқда.
Мазкур кичик саноат зонасида трикотаж ва текстиль маҳсулотлари, металлни қайта ишлаш ҳамда қурилиш материаллари, шунингдек, турли техник жиҳозлар ва мебель ишлаб чиқариш, ойнага ишлов бериш каби қатор йўналишлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Президентимиз томонидан йил бошидан буён ёшларга бағишланган учта видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Жумладан, 13 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари олти ойгача даромад солиғидан озод этилиши, бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га киритилган беш нафардан ортиқ ишсизни иш билан таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун эллик фоизгача имтиёз берилиши навқирон авлод вакилларига қаратилган ғамхўрликнинг яққол далилидир.
Қашқадарё вилоятида 59 минг 583 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган.
Президентимизнинг шу йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу эзгу ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлади. Ҳуқуқий ҳужжатда ёшларнинг стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш, бизнес инкубаторни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарорлаштириш ва рақобатдошлигини ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилган.
Шу йилнинг 1 сентябрига қадар республикамиз бўйича 77 та саноат зонаси, 2022 йил 1 апрелгача қолган барча ёшлар саноат зоналарининг тўлиқ ишга туширилишини ёш тадбиркорларнинг кўплаб муаммоларига барҳам беради. Чунки уларда бизнес ғоя ва уни амалга ошириш учун маблағ етарли бўлиши мумкин, аммо жой масаласи муаммо бўлиб турганда, янги саноат зонаси бунга ечим бўла олади. Унда фаолият бошлаган ёш тадбиркор яна ўнлаб тенгдошларини иш билан таъминлай олади.
Қарорда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши, “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратилаётган юз миллион долларгача маблағ ёш ишбилармонлар ҳаётида туб бурилиш ясайди. Қолаверса, ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасида янги механизмлар ишлаб чиқилиши келгусидаги кўплаб стартап ғояларга замин бўлади.
Темур ПОЁНОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги
Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи в.б.