Учрашувда дастлаб вилоят раҳбари меҳмонларни ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари, инфратузилма ва логистика шароитлари билан таништирар экан, узоқ ва яқин хорижий давлатлар, хусусан Бангладеш Республикаси билан савдо-иқтисодий ва маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш учун барча асослар етарли эканини таъкидлади.
Ўз навбатида жаноб Муҳаммад Жаҳонгир Алам Навоий вилояти билан Бангладеш давлати ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик доираларини кенгайтириш, жумладан, мева-сабзавот, тўқимачилик, фармацевтика соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари билан қизиқди ҳамда бу борадаги алоқаларни жадаллаштириш учун хизмат қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Музокаралар якунида бангладешлик ва навоийлик тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бунинг учун улар иштирокида бизнес форум ва ишбилармонлик учрашувларини ташкил этишга келишиб олинди.
Ташриф доирасида Бангладеш элчиси Навоий халқаро аэропорти негизида ташкил этилган интермодал логистика маркази имкониятлари билан ҳам танишди, деб хабар беради Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.