Бухородаги банк ходими одамларнинг пластик карталаридан пулларини ўғирлаб олгани аниқланди. 

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро ИИБга ўзининг пластик картасидан пуллар ўғирлангани ҳақида мурожаат қилган. Шу мурожаатга асосан ўтказилган тезкор-тадбирда пулларни ўғирлаган шахс банк ходими экани аниқланган.

Ғиждувон туманидаги банк филиали сайёр кассасининг 2002 йилда туғилган кассирига нисбатан ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида ушбу кассир 2022 йил ноябрь ойидан 2023 йил 29 май кунига қадар фуқароларнинг пенсия тўловлари, моддий ёрдам ва 2 ёшгача нафақа пулларини олиш учун очилган 41 та пластик карталаридан жами 21,9 млн сўм пулларни ўзлаштириб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ҳозирда ўғирланган маблағларнинг барчаси қопланиб, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.