Ғиждувон туман Миракон МФЙ Адоқ қишлоғида яшовчи фуқаро С.Жумаева жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Ғиждувон туман жамиятига ёзма шаклда мурожаат қилиб, мазкур туман марказида жойлашган тижорат банкларидан бирига 2019 йил июнь ойидан 2019 йил октабр ойигача нақд пул шаклида уй жой кредити тўловларини амалга оширганини, аммо банк ходимларидан бири томонидан ҳеч қандай квитанция тақдим этилмаганини ва мазкур пуллар банк ҳисоб рақамига кирим қилинмай ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, ҳозирги кунга қадар алдаб келаётганидан норозилигини билдирган.  

Мурожаат ўрганилиб чиқилиши натижасида, банк ходимларига амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари юзасидан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди ва истеъмолчининг 2 920 000 сўм маблағи банк ҳисоб рақамига кирим қилиниб, истемолчига белгиланган тартибда тўлов квитанцияси тақдим этилишига эришилди.

Яна бир мурожаат Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи фуқаро М.О томонидан келган. Унда қайд этилишича, истеъмолчи Бухоро шаҳрида жойлашган маиший техника савдо дўкондан 2021 йил февраль ойида ўз эҳтиёжи учун 4.200.000 (тўрт миллион икки юз минг) сўмга «Ойнали музлатгич» (витрина холодильник) ни сотиб олган. Савдо дўкони томонидан ушбу музлатгичга бир йиллик кафолат берилган, шу давр мобайнида маиший техникада бирор нуқсон чиқса, савдо дўкони усталарининг ўзлари келиб таъмирлаб беришларини билдирилган. «Ойнали музлатгич» маиший техникаси олиб келингандан сўнг, бир ҳафта мобайнида истеъмолчи музлатгич талаб даражасида ишламаётганидан норози бўлиб, савдо дўконига телефон орқали мурожаат қилган. Савдо дўкони томонидан бир ой давомида икки маротаба уста жўнатилиб музлатгич таъмирланган, аммо истеъмолчи мурожаати тўлиқ қондирилмаган. Савдо дўконига қайта-қайта мурожаат қилишдан чарчаган фуқаро (истеъмолчи) М.О. Федерациясига мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтиб ўтган.

Мурожаат Когон тумани жамияти ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиши натижада истеъмолчига музлатгич учун тўланган жами 4.200.000 (тўрт миллион икки юз минг) сўм маблағ қайтарилишига эришилди.