Дунё мафкуравий манзарасига теран нигоҳ билан назар ташласак, таҳликали вазиятлар тобора авж олиши кутилмаган хавф-хатар ва таҳдидларни юзага чиқараётгани гувоҳи бўламиз. Афсуски, бундай зиддиятли ва таҳликали жараёнлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар қандай оқибатлар билан хотима топишини башорат қилиш қийин.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилишини инобатга олсак, улар учун муносиб ҳаёт шароити яратишда, энг авалло, хавфсиз давлат, барқарор иқтисодиёт, ихчам ва самарали бошқарув, ижтимоий кафолатларни таъминлашнинг ечими бугунги конституциявий ислоҳотларга боғлиқ эканини тушуниш мушкул эмас.
Шу маънода, биз конституциявий ислоҳотлар жараёнида шошма-шошарликка йўл қўймадик. Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш давомида мутахассислар ва депутатлар 400 дан зиёд халқаро ҳужжат ва 190 дан ортиқ давлат тажрибасини ўрганди. Лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди. Бу эса, ўз навбатида, янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош қонунимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганини англатади.
Конституциянинг янги таҳририда таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилиши ва ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлиши белгиланмоқда. Энди юртимизда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган ҳикматини эслатар экан, бу тамойил депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат бошқаруви жамоаси, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши кераклигини айтгани бежиз эмас, албатта. Мурожаатномада мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, уларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилда давлатимизнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиши таъкидланган эди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланган. Шу тариқа, янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда. Бу эса юртимиздаги 685 мингдан ортиқ ўқитувчининг профессионал ўсиши, ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши, жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳар қандай давлат тараққиётининг тамал тоши бевосита таълим ва тарбия масалаларига қаратилаётган эътибор билан боғлиқ. Масалан, Францияда бойлар ўз яшаш жойи билан мақтаниш учун ўқитувчиларга қўшни бўлишга интилар экан. Германияда ҳам ўқитувчига муносабат ўзгачалигини кўриш мумкин. Германия собиқ канцлери Ангела Меркель норозилик билдираётган шифокорларга қарата: “Маошингиз сизни ўқитган ўқитувчиларнинг иш ҳақидан юқори бўлишини кутмаслигингиз керак”, деганди. Буюк Британияда иқтидорли боладан “у – даҳо, худди ўқитувчидек фикрлайди”, дея фахрланишади.
Таълим-тарбия масаласи дунёга машҳур давлат арбоблари эътиборидан ҳеч қачон четда қолмаган. Мустафо Камол Отатуркдан тарбия ҳақида сўрашди: “Агар жумҳурият президенти бўлмаганингизда, ким бўлар эдингиз?” У ўйламасдан туриб деди: “Тарбия вазири бўлар эдим!”
Отатурк ана шундай фикрлар эди. У ўз истакларига мос авлодни тарбия қилишни истади.
Шарқ ҳикматларида “Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади”, дея бежиз таъкидланмаган. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри ҳам илм билан яралади. Жамиятнинг асосий негизи бўлган таълим ва тарбия жараёнида инсоннинг сифатлари, дунёқараши ҳамда шахсий ва касбий қобилиятлари шаклланиб, ўсиб боради.
Шунинг учун янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланиши долзарб вазифадир. Зеро, жамиятни инсон, инсонни эса таълим ва тарбия ўзгартиради. Миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, авваламбор, ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ.
Мансур МУСАЕВ,
сиёсий фанлар доктори (Dsc)