Инсон капиталини ривожлантириш Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири этиб белгилангани бежиз эмас. Чунки бу мақсадда сарфланган маблағ ва саъй-ҳаракат доим тўлиқ ўзини оқлагани тараққий этган давлатлар тажрибасидан яхши маълум. Шу маънода, бугун юртимизда таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган эътибор ва йўналтирилаётган маблағ келгусида ўз самарасини беришига ишончимиз комил.

Президентимиз раислигида шу йил 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичини ошириш билан бирга ўғил-қизларимизнинг тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди.

Бугун замонавий таълимнинг муҳим вазифаларидан бири буюк аждодларимизнинг Ватанга муҳаббати, илм-фан равнақига қўшган бемисл ҳиссасини фарзандларимизнинг онгу шуурига сингдиришдир. Зеро, Ватанни севган инсонгина буюк жасоратга қодир бўлади. Бу борада “Баркамол авлод” болалар мактабларининг ўзига хос ўрни бор. Уларда ёш авлодга замонавий билим бериш, касб-ҳунар ўргатиш, иқтидори ва қобилиятини рўёбга чиқариш, интеллектуал салоҳиятини ошириш учун зарур барча имконият мавжуд.

Айни пайтда юртимизда 217 та “Баркамол авлод” болалар мактабида 65 номдаги 8809 та тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Уларга 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи жалб этилган. Маданият ва санъат, техника, конструкторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандлик ва қўл меҳнати, туризм ва экология, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов курслари, хорижий тиллар йўналишлари бўйича 250 мингдан зиёд ўғил-қиз қўшимча билим ва ҳунар эгалламоқда.

Президентимиз ўтган йили 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида: “Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобиль телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда. Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Соат сари эмас, дақиқа сари кириб боряпти. Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур”, деган эди.

Бу сўзлар биз, халқ таълими тизими ходимлари учун ўз вақтида сергакликка ундовчи чақириқ вазифасини ўтаганини таъкидлаш жоиз. Чунки бола қачон турли ёт ғояларга эргашади, бемаза ишлар билан шуғулланади? Албатта, бўш вақти кўп бўлса ва ундан унумли фойдаланиш имкони бўлмаса. Демак, биз ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, мактабдан ташқари вақтда уларга қўшимча янги билим ва кўникмаларни ўргатиш, турли маданий-маърифий тадбирларга жалб этишимиз зарур.

“Баркамол авлод” болалар мактабларида кўзи порлаб, катта иштиёқ билан билим олаётган, ҳунар ўрганаётган ёшларни кўрганимизда кўнглимиз хотиржам тортса-да, ҳали бу борада қиладиган ишларимиз бисёрлигини англаймиз. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мактабдан ташқари таълим тизимини юксалтириш мақсадида 2022-2026 йилларда 217 та “Баркамол авлод” болалар мактабини ривожлантириш бўйича дастурни амалга ошириш белгилангани ҳам масаланинг нечоғлиқ муҳим ва долзарблигини кўрсатиб турибди.

Президентимиз белгилаб берган вазифалар бугун “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини самарали йўлга қўйиш билан бирга, қатор муаммоли вазиятлар ечимини топишда муҳим аҳамият касб этяпти. У ерда меҳнат қилаётган педагог ходимлар ва мураббийларнинг фаолиятига муносабати, масъулияти кун сайин ошмоқда. Давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли “Баркамол авлод” болалар мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар қамровини ошириш, турли маданий тадбирларни кўпроқ ўтказиш орқали ўғил-қизларни тўгаракларга жалб этиш имконияти кенгаяётганига гувоҳ бўляпмиз.

Бу борада халқ таълими тизимидаги барча педагог ва мураббийлар бор куч ва имкониятини ишга солган ҳолда, мактабларда замонавий тўгаракларни ишга тушириш, янгиланган ўқув дастурлари орқали ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашган ҳолда истеъдодини кашф этиш, янги билим ва кўникма, зарур касб-ҳунар ўргатишда фидойилик кўрсатади.