Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Давра суҳбати иштирокчилари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш истиқболларини, молиявий-иқтисодий вазият барқарорлигини таъминлаш омили сифатида давлат қарзини тартибга солиш, шунингдек барқарор ривожланиш принципларини ишлаб чиқилаётган стратегиялар ҳамда дастурларга жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, ноқонуний молиявий оқимларни камайтириш воситаси сифатида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда сезиларли натижаларга эришганлигини таъкидлади. Бунда одамлар манфаатларини қондиришга қаратилган умумий мақсадлар асосида қурилган кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларини глобал, минтақавий ва маҳаллий даражаларда ўрнатмай туриб, барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини муваффақиятли амалга ошириб бўлмаслиги таъкидланди.
БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда давлат органлари, фуқаролик жамияти, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Тадбир якунида бир қатор таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди, улар тегишли равишда ўрганиб чиқилади ва парламент аъзолари томонидан амалга ошириш учун таклиф этилади.