Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ва истиқболларини муҳокама қилдилар, ривожланишнинг кўплаб соҳаларидаги, шу жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга оширишдаги конструктив ҳамкорликни юқори баҳоладилар.

Мулоқот аввалида Сенат Раиси меҳмонни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яхши қўшничилик алоқалари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш доирасида яратилаётган шарт-шароитлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, қонунчиликни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ва натижалар билан яқиндан таништирди.

Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент назорати механизмининг ижобий амалиёти йўлга қўйилгани, 16 та йўналиш бўйича халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда миллий қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, институционал асосларни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида, Гви Йеоп Сон хоним самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Глобал кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини эътироф этди.

Конструктив ва амалий руҳда кечган мулоқотда хавфсизлик, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, шунингдек, тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги глобал муаммоларни ҳал этишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.