Музокараларда коронавирус пандемияси шароитида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва турли соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари масалалари муҳокама қилди.

Роланд Вайгертнинг сўзларига кўра, кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон Бавария компаниялари учун тобора жозибадор мамлакатга айланмоқда. Музокаралар давомида Бавария томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини ва турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

У шунингдек, Бавария ҳукумати карантин чекловлари туфайли илгари бекор қилинган қўшма тадбирларни вазият яхшилангач амалга ошириш ниятида эканини қайд этди.

Ҳозирги кунда Бавариянинг 133 та компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Уларнинг 17 таси республикада ўз ваколатхоналарига эга. Жумладан, 6 та филиал ва 9 та қўшма корхона фаолият кўрсатади.

«Bionorica SE», «HORN Glass Industries AG», «Knauf International GmbH», «MAN Truck&Bus SE», «Linde AG», «Protec Automation GmbH», «SAP SE», «Siemens Energy», «Falk-Porsche-Technik GmbH», «Roland Berger GmbH» шулар жумласидан.

Маълумот учун, ялпи ҳудудий маҳсулоти 633 миллиард еврони ташкил этадиган Бавария Германиянинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган минтақаларидан бири ҳисобланади. Бавария компаниялари ахборот ва коммуникация технологиялари, фармацевтика, тиббий технологиялар, биотехнология, экологик технологиялар, кимё, авиация ва автомобилсозлик, робототехника ва бошқа соҳаларда маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллашига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, ишбилармон доиралар, илмий ва таълим муассасалари вакилларини бирлаштирган кластер тизими кўп жиҳатдан Бавария бизнесининг муваффақият калити бўлгани таъкидланди. Хусусан, ҳозирги кунда Баварияда 17 та технологик кластер муваффақиятли фаолият кўрсатади. Энг муваффақиятли лойиҳалардан бири — Мюнхендаги «BioRegioMunich» биотехнология кластеридир. Унинг таркибига 300 та ташкилот, шу жумладан 166 та кичик ва ўрта корхона, 35 та йирик биотехнологик компания, 34 та фармацевтика компанияси, 58 та илмий-тадқиқот ташкилоти киради. Кластер ходимларнинг умумий сони 25 минг кишини ташкил этади.

Бавария компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида Ўзбекистонда саноат кластерлари ва саноат паркларини ривожлантириш истиқболлари музокараларнинг алоҳида мавзусига айланди.

Роланд Вайгерт Ўзбекистоннинг кластерларни ривожлантириш истагини олқишлаб, Бавария компаниялари саноат парклари ва кластерларни ташкил этиш ҳамда бошқариш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёрлигини тасдиқлади, деб хабар беради Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги матбуот хизмати.