Муқаддам бу услубда куйлайдиган бахшилар Самарқанд, Навоий, Тошкент, Жиззах, Наманган вилоятларида ҳам бўлган ва кейинчалик турли сабабларга кўра, бутунлай фаолиятни тўхтатган ёки жуда камчиликни ташкил этади. Бунинг сабабини тингловчиларда кўриш лозим. Қаерда бахшилар аҳолининг оилавий маросимларига таклиф этилиб, оддий рағбатлантириш олса, шу ерда бахшилар сақланган, аксинча, бахшилар эътибордан четда қолган жойларда ўз фаолиятини давом эттирмаган ва шогирдлар тайёрламаган.

Хоразм достон ижрочилиги услуби юқоридаги ижрочилик услубидан кескин фарқ қилади. Яъни бахшилар достон қўшиқларига тор чолғусида жўр бўладилар, уларга доира ва буламон чолғуси ҳам қўшилади. Бахши очиқ овозда сўзлайди ва куйлайди. Шунингдек, Сурхондарё­Қашқадарё услубидан фарқли ўлароқ, достон қўшиқлари алоҳида ҳолда ҳам куйланади. Шунинг учун ҳам Хоразм халқ қўшиқлари номи остида куйланадиган қўшиқларнинг ярмидан кўпини достон қўшиқлари ташкил этади. Хоразмлик кўплаб машҳур қўшиқчилар дастлабки таълимни бахшилардан олгани буни исботлайди. Масалан, Комилжон Отаниёзов ва Очилбек Матчонов шундай мактабни ўтаган.

Қорақалпоқ достон ижрочилик услубининг ўзи икки йўналишга бўлинади. Қаҳрамонлик достонларини якка ҳолда қўбиз чолғуси жўрлигида, ички овозда куйловчилар жиров деб аталади. Оламўйноқ дутори (қорақалпоқлар чаладиган металл торли дутор шундай аталади)ни чалиб очиқ овозда лирик достонларни куйловчиларни бақси деб аташади. Уларга анъанавий уч торли ғижжак ва буламон чолғучилари жўр бўлади.

Соҳага қаратилган эътибор асосида, биринчи навбатда, таълим тизимида бахшиларни тайёрлаш вазифалари қўйилган эди. Бунинг натижаси ўлароқ, Термиз ва Нукусда бахшилар тайёрловчи махсус мактаб­интернатлар, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистоннинг болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик санъати бўлимлари ташкил этилди. Шу билан бирга, бошқа вилоятлардаги аксарият болалар мусиқа ва санъат мактабларида ҳам шундай бўлимлар иш бошлади. Олий таълимда достон ижрочиларини тарбиялаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институтида махсус бўлим очилиб, унда 3 (Сурхондарё­Қашқадарё, Хоразм, Қорақалпоқ) йўналишдаги бахшилар тайёрланиши йўлга қўйилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бахшичилик йўналиши бўйича болалар мусиқа ва санъат мактабларида дарс бераётган ўқитувчиларнинг малакаси ошириладиган бўлди.

Бахшичилик билан шуғулланаётган ижрочиларни бирлаштириш мақсадида Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда давлат ансамбллари, бошқа вилоятларда эса, вилоят ансамбллари ташкил этилди.

Ҳозиргача икки марта Бахшичилик санъати халқаро фестивали ташкил этилиб, унинг доирасида халқаро илмий­амалий анжуманлар ўтказилди. Фестивалнинг ЮНЕСКО ташкилоти шафелигида, қатор халқаро ташкилотлар иштирокида ўтказилаётгани бахшичилик санъатига дунё миқёсида эътиборнинг даражасини белгилайди.

Нукусда ўтказилган фестиваль давомида яна бир хайрли ишнинг натижаси билан танишдик. “Алпомиш медиа” хусусий корхонасини бошқараётган тадқиқотчи Ўктам Ҳакимов Термиз шаҳрида ўтказилган халқаро фестиваль доирасида ўзининг “Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам” китоби тақдимотини ўтказган эди. Бу фестивалга ҳам у жуда ажойиб совға билан келибди. Ўтган икки йил мобайнида у шахсий маблағи эвазига экспедиция уюштириб, “Алпомиш” достонининг ҳозирги кундаги вариантини 18 нафар ижрочидан ёзиб олиб, ягона достон сифатида видео ва аудиовариантда тайёрлаган. Бунда у ҳар битта ижрочи достоннинг қайси қисмини маҳорат билан, тўлиқ ва тўғри ижро этсагина, шу қисмларини жамланмага киритган ва бу билан “Алпомиш” достони ижросининг энг мукаммал вариантларини саралаган. Ўктам Ҳакимов Хоразм достон ижрочиларининг алоҳида, Қорақалпоғис тон достон ижрочиларининг алоҳида альбомини яратиб, унга фонотекалар ва шахсий архивларда сақланаётган турли достонларни киритган. Бундан ташқари, Сурхондарё ва Қашқадарё услубида куйлаган марҳум ва ҳозир фаолият кўрсатаётган 12 нафар ижрочининг достонларини алоҳида жамлаб, диск ҳолида тақдим этди.

Бахши, жиров ва оқинлар танлови жараёнида муаммолар ҳам кузатилди. Анъанавий равишда ўтказиб келинган танловнинг барча босқичларида қўйилган шартлар кўплаб ёш ижрочиларнинг ўзларини намоён қилишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Яъни шартга кўра, иштирокчи ўзи хоҳлаган достондан хоҳлаган қисмини ва ўзи танлаган термани ижро этиши керак эди. Табиийки, катта тажриба ва овозга эга (аксарият ҳолларда Ўзбекистон халқ бахшиси унвонига эга) бахшилар бу шартда ҳаммадан яхши натижа кўрсатар, бошқалар эса, эътибордан четда қолар эди. Термиз шаҳрида академик Тўра Мирзаев раҳбарлигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан тажриба сифатида бошқа услуб қўлланди. Яъни ҳар бир ҳудуд учун алоҳида достонлар танланиб, улар қисмларга ажратилди ва рақамланди.

Иштирокчи қайси рақамни (билет асосида) танласа, ўша қисмни ижро этиб бериш шарти қўйилди. Бу услубда ҳатто унвонга эга бахшиларимизнинг айримлари ҳам қийинчиликларга дуч келди. Нукусда ўтказилган танловда жами 79 нафар иштирокчи қатнашиши маълум бўлгандан кейин ҳакамлар ҳайъати ҳар бир ҳудуд учун алоҳида достонларни белгилаб, худди Термиз шаҳридагидек услубда тақсимлади. Бунга қўшимча равишда терма ижросида бадиҳа (импровизация) имкониятларини аниқлаш учун ҳар бир ижрочига алоҳида мавзу таклиф этилди ва шу мавзуда тўғридан­тўғри саҳнада термаларни тўқиш ва ижро этиш шарти киритилди.

Натижа шундай бўлдики, иштирокчиларнинг достонни билиш даражаси анча ўсган. Айниқса, бу ҳолат ёш ижрочиларда яққол кўринади. Бироқ термаларни тўқиш борасида камчиликлар кўп. Мавзуга ёт бўлган матн, матнларнинг саёзлиги, қофия ва вазн масалалари жуда ачинарли аҳволда.

Яна бир масала — бахшиларнинг миллий кийимлари хусусида. Халқаро фестивалда юртимиздан иштирок этган бахшиларнинг миллий либосларига эътибор берсангиз, Қорақалпоғистон ва Хоразм бахшиларининг миллий саҳна либосларида камчилик тополмайсиз. Бироқ Сурхондарё­Қашқадарё йўналишидаги иштирокчиларнинг миллий либослари бошдаги дўппи ва  чопондангина иборатлигини кузатасиз. Дўппилар янгиланиши мумкиндир, лекин бу чопонлар ўнлаб йил янгиланмайди. Чопон тагидаги кўйлак, биринчидан, классик услубда (миллий эмас), иккинчидан, устки либосга мос келмайдиган рангда ва ҳ.к. Хуллас, энг юқори даражада эътибор қаратилиб, зарур маблағлар ажратилаётган бахшичилик санъатининг ривожланиши йўлида қилинадиган ишларимиз жуда кўп.

Ўрозали ТОШМАТОВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори