Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, банк-молия тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш, муҳим инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш борасидаги улкан хизматлари ҳамда таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон банклари ассоциацияси бош директори Ҳамидов Бахтиёр Султоновичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони берилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Президентимиз номларидан ушбу юксак унвонни Б.Ҳамидовга топширди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон банклари ассоциациясида ташкил этилган тадбирда Б.Ҳамидовнинг мустақил Ўзбекистон тарихининг энг мураккаб ва синовли даврларида давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлаш, халқ хўжалиги тармоқлари иқтисодиётини юксалтириш борасидаги фидокорона хизматлари хусусида сўз юритилди.

Ўз навбатида, Б.Ҳамидов Президентимизга давлатимизнинг юксак унвони билан тақдирлагани учун ўз миннатдорлигини билдирди.