Янги йил эса барчамизни касбу коримиз, жинсу ёшимиздан қатъи назар, ўшандай тирик ҳайратлар, қувончли лаҳзалар билан қайта юзлаштиради.
Кўз очиб юмгунча яна бир йил ортда қолди. Югурик вақт ўз йўлидан оғишмай, умримизнинг навбатдаги саҳифасини тарих бағрига олиб кетди. Бугун янги режаларга, янги ниятларга тўла кунлар остонасида турибмиз. Ўтган ўн икки ой сарҳисоби, хулосалари билан келажак учун аниқ мақсадлар белгилаб олмоқдамиз.
Шаҳар ҳаётида ҳам ўзгача кайфият, байрам шукуҳи ҳукмрон. Кўчалар, майдонлар, хиёбонлар байрамона тус олган, рангли чироқлар, турли безаклар умумий муҳитга кўтаринкилик бахш этиб турибди. Бу манзара одамларнинг ички ҳолатини ҳам ифодалаётгандек гўё. Бугунидан рози, эртасидан хотиржам инсонларнинг оиласи, дўсту қадрдонлари, яқинлари даврасидагина ич-ичидан ҳис этадиган шукроналик ҳисси бу. Эҳтимол, шу туфайлидир, янги йил кўплаб халқларда оилавий байрам сифатида қадрланади. Унинг асосий рамзи бўлган арча ҳам айнан шу бирлик ва давомийлик тимсолига айланган.
Шу маънода, янги йил кунларида мамлакатимизнинг турли ҳудудидаги марказий майдонларни шунчаки сайргоҳ эмас, балки жамият кайфиятини акс эттирувчи маконга қиёслаш мумкин. Арча атрофида жамланган одамлар йилни қандай руҳда кузатаётгани, янги йилга қандай кутилмалар билан кириб бораётгани ана шу манзарада кўзга яққол ташланади. Бу борада уларнинг ўзи нима дейди — юртдошларимизга айни саволлар билан юзландик.
Қаҳҳор ЙЎЛЧИЕВ,
филология фанлари доктори,
профессор:
— Бу йилги шодиёнанинг ўзига хос жиҳати шундаки, у одамларни умумий туйғу атрофида бирлаштирди. Йил якунида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси айнан шу кайфият билан уйғунлашди. Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар, илмга таянган тараққиёт ғояси, инсон қадрини марказга қўйган ёндашув эртанги кунга ишончимизни янада мустаҳкамлади.
Олим сифатида Мурожаатномада илмга қаратилган алоҳида эътибор мени бефарқ қолдирмади. Ҳар бир соҳа, қайси йўналиш бўлмасин, билимга таяниши кераклиги яна бир бор аниқ ифодаланди. Таълим, иқтисодиёт, технология, ижтимоий-гуманитар соҳаларнинг барчаси илмий асос билангина барқарор ривожланиши мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бирга, инсон қадри масаласи марказда тургани жамият учун муҳим ишора бўлди. Шу жиҳатдан Мурожаатномадаги ғоялар янги йил кайфиятига чуқурроқ мазмун олиб кирди.
Бобур АБДУНАЗАРОВ,
Учтепа тумани Оқмасжид
маҳалласи ёшлар етакчиси:
— Бугун ёшлар масалалари маҳалла даражасида ҳал бўлаётир. Маҳалла навқирон авлод вакилларининг кундалик ҳаёти, муаммолари, қизиқишларини биринчи бўлиб ўрганадиган, улар билан манзилли ишлайдиган тизимдир. Шу сабабли кейинги йилларда “маҳалла еттилиги” фаолияти ёшлар сиёсатининг муҳим бўғинига айланди. Бу ёндашув 2026 йилнинг мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани билан ҳам мазмунан уйғундир. Мазкур номнинг ўзиёқ давлат сиёсатида маҳаллага энди фақат ҳудудий тузилма эмас, балки жамиятни барқарор ривожлантиришнинг асосий таянчларидан бири сифатида қаралаётганини англатади.
Шу кунларда ёшлар орасидаги кайфиятни кузатар эканман, уларда байрамона қувонч билан бир қаторда келажакка нисбатан аниқ режалар ҳам борлигини кўраман. Бугунги ёшлар ўз олдига аниқ мақсад қўяди, имкониятларни ҳисобга олади, масъулиятни ҳис қилади. Шу жараёнда давлат томонидан яратилаётган шароитлар, маҳалла даражасидаги қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳим таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги йил, шу маънода, ёшлар учун янги саҳифа очади. Янги ғоялар, янги ташаббуслар, янги масъулият айнан шу паллада шаклланади.
Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири