Оҳалик маҳалласи Самарқанд туманининг Зарафшон тизма тоғ этакларида жойлашган. Маҳаллада 764 та хонадон, 3 минг 765 нафар аҳоли истиқомат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, маҳалладаги 1 124 та оиланинг қарийб барчаси оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. Асосан паррандачиликка ихтисослашган мазкур маҳаллада яқиндан бошлаб бедана тухуми етиштириш ҳам йўлга қўйилди. Айни кунларда бу ердаги 100 дан ортиқ хонадонда қарийб 80 минг бош бедана парваришланмоқда. Бир кунда 60-70 минг дона парҳезбоп бедана тухуми етиштирилмоқда.

Бедана тухуми етиштириш билан шуғулланаётган хонадонлар ўзини-ўзи банд қилиш баробарида, шифобахш бедана тухумини чет давлатларга экспортга чиқаришни ҳам йўлга қўйди. Бугунги кунда қўшни Тожикистон, Афғонистон давлатларида бедана тухумига талаб юқори.

— Бедана етиштириш жуда маҳсулдор бўлиб, модасидан бир йилда 200-230 донагача тухум олиш мумкин. Тухумдан чиққан полопонларнинг 70-80 фоизи яшаб кетади. Аммо, бедана парваришлашнинг ҳам ўзига ҳос жиҳатлари бор, — дейди Оҳалик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иномжон Сиддиқов. — Бедана шовқин ва ёруғликка жуда таъсирчан бўлганлиги сабабли улар парваришланаётган хонани товуш ўтказмайдиган қилиб жиҳозлаш ва ёруғлик кам тушишига эътибор қаратиш лозим. Бедана тухуми ва гўшти шифобахшлиги сабабли талаб юқори. Маҳалламизда ҳоким ёрдамчилари, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд туман бўлими ҳамда тегишли ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида уйма-уй ўрганиш давомида бедана етиштириш маҳалланинг асосий драйвери этиб белгиланди.

Етиштирилган тухумни сотиш ҳам тизимли асосда ташкил этилган. Ҳар куни махсус автомашина орқали аҳоли хонадонларидан бедана тухуми харид қилинади ва республика ҳудудларига етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, Оҳалик маҳалласида етиштирилаётган тухум республиканинг барча вилоятлари билан бир қаторда Тожикистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Энг асосийси, маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли доимий даромад манбаига эга.

— Мен “Мароқанд парранда” МЧЖ да ишлайман. Ишдан ажралмаган ҳолда оилам, фарзандларим билан бедана тухуми етиштириш билан шуғулланиб келамиз, — дейди оилавий тадбиркор Сурат Мажидов. — Бедана парвариши жуда нозик ва жиддий эътиборни талаб қилади. Катта беданаларни бир кеча-кундузда 2-3 марта озиқлантирамиз. Омихта ем таркибида дон-ун  60 фоизни, оқсилли аралашма 35 фоиз ҳамда минерал аралашма 5 фоизни ташкил этиши лозим. Битта бедана 6 ой давомида тахминан 130 дона тухум беради. Саккиз ойдан сўнг ўсиш ва тухум беришдан тўхтаганлиги сабабли гўштга сўйилади.

— Инспекциянинг ваколат доирасидан келиб чиққан ҳолда, бедана етиштириш билан шуғулланиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли равишда кредит маблағлари ажратилиши, лойиҳаларнинг ўз вақтида сифатли ижро этилиши, уларнинг ветеринария назоратидан ўтказиш ҳамда наслини яхшилаш борасидаги тадбирлар назоратга олинган. Шу мақсадда, жорий йилнинг ўтган даври давомида 12 марта назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд туман бўлими бошлиғи Қ.Қурбонов.

Тадбиркорлик инсондан сабр талаб этади, — дейди қаҳрамонларимиз. Бу йўлга кириб келган киши бирдан бойиб кетмайди. Олдидан чиққан тўсиқларни енгиб ўтсагина ниятига етиши мумкин. Зеро, бу ҳаёт ҳақиқати.

Вилоятнинг тоғли ҳудудларидан бирида яшаб, ҳам оиласи ҳам бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган меҳнаткаш инсонлар эса, ана шу ҳақиқатнинг том маънодаги ижрочилари, десак муболаға бўлмайди.

Абдували Худоёров,

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси

матбуот котиби