Томонлар Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек Беларусь компанияларининг Ўзбекистонда, хусусан Бўстонлиқ ва Зомин туманларида (Тошкент вилояти ва Жиззах вилоятида) эко-уйлар қуриш имкониятларига оид масалаларни муҳокама қилишди.
Ўтказилган музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида икки томонлама туризмни ривожлантиришга доир ҳукуматлараро келишув тайёрланмоқда. Мазкур келишув жорий йилнинг 16-18 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши доирасида имзоланиши режалаштирилмоқда.
Келишув икки томонлама туристик салоҳиятни тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистондан Беларусга ва Беларусдан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилишга йўналтирилади.
Ҳужжатда Ўзбекистоннинг тоғ-чанғи курортларини тарғиб қилишга, шунингдек мамлакатимизнинг инвестицион лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.