Учрашув давомида томонлар ўзбек-белорус ҳамкорлигининг жорий ҳолати тўғрисида фикр алмашдилар.
Хусусан, Ўзбекистонда махсус карьер ва қишлоқ хўжалиги техникаларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Музокаралар жараёнини тезлаштириш ва лойиҳани амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди.
Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликка истиқболли йўналишлар сифатида урғу берилди. Шу нуқтаи назардан, янги лойиҳаларни амалга ошириш имконияти муҳокама этилди. Жумладан, «Энергокомплект» компанияси билан Тошкент вилоятида ўтказгичли кабель маҳсулотлар ишлаб чиқариш, «Плонар» компанияси билан диодлар ишлаб чиқариш ва ушбу соҳада тажриба алмашиш, шунингдек, «Интеграл» компанияси билан микроэлектроника ва микрочиплар ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
Музокаралар жараёнида мебель саноати соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Томонлар кооперация қилиш имкониятларини ўрганишга ҳамда чуқур таҳлил асосида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Музокаралар якунида йиғилишда эришилган келишувлар ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга қарор қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.