Асрлар оша ўзида мардлик, ҳалоллик, жасорат каби фазилатларни жамлаган миллий спорт туримиз – белбоғли курашни дунё бўйлаб кенг миқёсда ривожлантириш мақсадида 2021 йил 27 сентябрда Литванинг Вильнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ташкил этилди ва расман Европа Иттифоқидан рўйхатдан ўтказилди. Мазкур ассоциацияга ўзбекистонлик ҳамюртимиз Азизбек Ғаниев президент этиб сайланди.
Шу тариқа белбоғли курашга бўлган эътибор янада кучайди. ЖБКА ташкил этилгандан сўнг қисқа фурсатларда белбоғли кураш бўйича Европа, Пан-Америка, Осиё конфедрациялари ташкил этилди.
ЖБКА ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ташаббуси билан ўтган йили ноябрь ойида Жиззах шаҳрида ҳамда жорий йил май ойида Қўқон шаҳрида ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон чемпионатлари юқори савияда бўлиб ўтгани белбоғли кураш ер курраси бўйлаб оммалашаётганидан дарак беради.
Миллий спорт туримиз белбоғли курашни Осиё ўйинлари, Европа ўйинлари, қолаверса, Олимпия ўйинлари оиласига киритиш Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг бош мақсадларидан саналади. Бунинг учун ЖБКА ва ЎБКФ томонидан узоқ йиллик пухта ва аниқ истиқболли дастур-режалар ишлаб чиқилмоқда. Бунинг яққол исботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида белбоғли кураш бўйича илк бор эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатини айтишимиз мумкин.
Мазкур жаҳон чемпионатида Грузия, Беларусь, Бельгия, Эрон, Исроил, Россия, Руминия, Украина, Покистон, Хитой, Италия, Туркия, Камерун, Швеция, Молдова, Ҳиндистон, Мўғилистон, Латвия, Эстония, Қозоғистон каби давалатлардан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев мамлакатимизда аҳолини нгспорт билан мунтазам шуғулланиши, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, истеъдодли, профессионал спортчиларни тайёрлашнинг комплекс тизими йўлга қўйилганини таъкидлади ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Чемпионат доирасида спорт турларини ривожлантириш, халқаро тоифадаги спорт усталари ва спортчилар тайёрлаш, аёллар ўртасида спортни оммалаштириш ҳамда спорт соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Наманган вилояти ҳокими Ш.Абдураззақов ва Бошқирдистон Республикаси спорт вазири Р.Хабибовлар ўртасида меморандум ҳам имзоланди.
Меморандумга асосан давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, федерациялар ва бошқа спорт тузилмалари ўртасида оммавий спорт турлари, ногиронлар спорти, элита спорти ва спорт бўйича кадрларни тайёрлаш йўналишларида ўзаро манфаатли дастурлар, тажриба ва маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.
Жаҳон чемпионатида белоғли кураш ва белбоғли курашнинг эркин йўналиши бўйича эркаклар - 57, - 62, - 68, - 75, - 82, - 90, - 100, + 100 кг. вазн тоифаларида куч синашса, аёллар - 52, - 58, -66, - 76, +76 кг. вазнларда ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Россия ҳамда Қозоғистон жамоалари иккинчи ва учинчи ўринни банд этди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев,Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Осиё белбоғли кураш конфедрацияси раиси Мўмин Муратов ва бошқалар иштирок этди.
Белбоғли кураш йўналиши бўйича ҳар бир вазнда биринчи ўринни эгаллаган спортчилар 10 миллион сўм, иккинчи ўринни қўлга киритган спортчилар 7 миллион сўм, учинчи ўрин соҳиблари 5 миллион сўм пул мукофоти, диплом ва медаллар билан мукофотланди.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади