26 давлатдан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этган жаҳон чемпионати баҳсларида полвонларимиздан Феруза Собирова (43 кг.), Қувончбек Эрмуҳаммедов (45 кг.), Ясмина Содиқова (52 кг.), Самандар Солиев (55 кг.) олтин медални қўлга киритди.
Жаҳон кубоги беллашувларида ҳам вакилларимиз муносиб иштирок этиб, классик йўналишда 1 олтин, 2 кумуш, 6 бронза, эркин йўналишда 1 кумуш ва 6 бронза медалга эгалик қилди.
Ҳар икки йўналишдаги баҳсларда юртдошларимиздан Мираншоҳ Рўзиев, Элмурод Абдуллаев, Жамшид Эгамовлар ҳакам сифатида қатнашди.
Жаҳон кубоги доирасида Татаристон спорт вазири Владимир Леонов, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқуловлар учрашувида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, ёш ва умидли спортчиларни тайёрлашда илмий методик, ўқув-йиғин машғулотлар самарадорлигини ошириш сингари қатор масалалар муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Р.Бобоқулов Қозон шаҳридаги эшкак эшиш спорт тури бўйича марказ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бошқирдистон спорт вазирлиги билан ҳам ҳамкорлик доирасида келишувларга эришилди.
Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев ҳамда Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқуловга спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Татаристон спорт вазирлиги томонидан кўкрак нишони топширилди.
Илҳом Раҳмонов