Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Белоруссия ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг бўлажак 9-йиғилиши доирасида йирик келишувларга эришишдан ўзаро манфаатдорлигини билдирдилар. Бу, ўз навбатида, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, транспорт, таълим, илмий-техник фаолият, маданий-гуманитар ҳамкорлик ва туризм соҳаларидаги ўзаро муносабатларни кенгайтиришга имкон беради.
Жорий йил бошидан озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли металлар, тўқимачилик, кимё ва нефть маҳсулотлари, ёғоч ва қора металлар ўзаро етказиб бериш ҳисобига товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга ўсиб, 250 миллион доллардан ошди. Етказилаётган товарлар номенклатурасини янада кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш мақсадида томонлар қўшма «Йўл харитаси»ни имзолашга қарор қилдилар ва икки мамлакат ҳудудида савдо-логистика марказларини, савдо уйларини ва улар қошида доимий фаолият кўрсатаётган «шов-роом»ларни ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришга келишиб олдилар.
Саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Беларус компанияларига фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда Беларус тракторлари, шунингдек, тижорат, йўл-қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.
Томонлар тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш учун қўшма фермер хўжаликларини ташкил этиш, шунингдек, «Агроэкспресс»лойиҳасининг мавжуд ресурслари ва имкониятлари асосида Белоруссия бозорига ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Музокаралар якунида ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш ва эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.