Давлатимиз раҳбарининг бу йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан учрашуви Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилидаги асосий мулоқотлардан бири бўлди. Юртимизда фуқаролар саломатлигига эътибор инсонни қадрлаш тамойилининг узвий қисмидир. Зотан, халқ соғлом ва баркамол бўлса, мамлакат ўз олдига қўйган юксак марраларга эриша олади. Бунинг учун миллий тиббиёт, соғлиқни сақлаш тизими фаолияти тўғри йўлга қўйилган бўлиши зарур.

Мазкур мулоқотда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янги босқичга олиб чиқишга қаратилган келгусида бажарилиши зарур бўлган 7 та устувор йўналишдаги вазифалар санаб ўтилди.

Президентимиз бундан беш йил аввал — 2017 йил 6 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соҳа вакиллари билан учрашувда тизимда ўз ечимини кутаётган қатор муаммоларга тўхталиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш йўналишларидан фуқаролар рози эмаслигини айтганди. Бу гаплар очиқ ҳақиқат эди. Чунки 2016 йилнинг сўнгги икки-уч ойида Виртуал қабулхонага юртдошларимиздан соҳага тегишли етти мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Ўша пайтларда нафақат тиббиёт ходимлари, балки аҳолининг барча қатламида, беморларда тушкунлик кайфияти, пессимизм авж олганини эсламасликнинг иложи йўқ.

Ўтган беш йилда, туб ислоҳотларнинг дастлабки кунларидан бошлаб, халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга энг устувор вазифа деб қаралди, хорижий ютуқлар ўрганилиб, миллий тиббиётга жорий этилди. Шифохоналар, тиббий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланди, замонавий ускуналар билан таъминланди. Шифокор ва ҳамшираларнинг хориждаги нуфузли клиника ва университетларда малака ошириши учун етарли шароит яратилди. Шунинг дек, юртимизда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича янгича тизим жорий этилди. Мана шу саъй-ҳаракатлар ҳамда шифокорларнинг халқ орасига кириб, аҳоли саломатлигини ўрганишнинг “хонадонбай” тизимига ўтилгани, олис ва чекка қишлоқларга ишга борадиган битирувчилар учун “Қишлоқ шифокори” дастури қўллана бошлангани, соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг маоши, моддий таъминотига эътибор қаратилгани аҳолининг, жумладан, тиббиёт ходимларининг эртанги кунга ишончини оширди. Ҳатто пандемия давридаги оқилона сиёсат туфайли иқтисодиётимиз ҳам, халқимиз ҳам кўп талафот кўрмади.

Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида соғлиқни сақлаш соҳаси муҳим ўрин тутиши, соғлом авлод келажаги айнан шу тизимнинг самарали фаолиятига чамбарчас боғлиқ эканини ҳисобга олиб, келгуси беш йилда ҳам аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида энг муҳим йўналиш сифатида белгиланган. Бу эса халқнинг розилигига, соҳанинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Очиқ мулоқотда соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тизимдаги шифокорларнинг 45 фоизи, ҳамшираларнинг эса 40 фоизи малака тоифасига эга эмаслиги, шунингдек, кўп муассасаларда мутахассис етишмаслиги сабабли 2022-2023 ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, мақсадли ошириб борилади. Бу айни бугундан кечиктириб бўлмайдиган вазифа эди. Сабаби, квоталарни шакллантиришда тиббиёт соҳаси кадрларига ҳудудлардаги эҳтиёж ҳисобга олинмаслиги туфайли катта бўшлиқ юзага келган. Ҳозир мамлакатимизнинг чекка ҳудудларига моддий рағбатни ошириш эвазига бошқа вилоятлардаги шифокорлар юборилаётгани ҳам мазкур зарурат ҳосиласи.

Шунингдек, мулоқотда 11 та тиббиёт олийгоҳида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, ҳар йили 500 нафардан оилавий шифокорни ҳудудлардаги энг зарур тор соҳа мутахассислиги бўйича мақсадли ўқитиш дастури амалга оширилиши ҳақида сўз борди. Бу бўйича олий таълим муассасамиз олдида ҳам муайян вазифалар турибди. Уларнинг ижросига изчил киришганмиз.

Мазкур очиқ мулоқотда амалга оширилиши зарур бўлган еттита устувор йўналишдан ташқари ижросини асло кечиктириб бўлмайдиган яна бир неча вазифа белгилаб берилди. Соғлиқни сақлаш тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш шулар жумласидан. Бу йўналишда Тошкент тиббиёт академиясида ҳам тегишли ишлар бошланган. Хусусан, ходимларни ишга қабул қилишда янги тизим жорий этилган. Ишга киришга номзодни ходимлар сафига қабул қилиш жараёни махсус кенгаш қарори билан амалга ошади. Бундан ташқари, йигит-қизларни магистратура ва клиник ординатурага имтиҳон орқали қабул жараёнида инсон омили иштирок этмайди. Бу борада тўлиқ компьютерлашган тизим жорий этилган.

Мулоқотда яна бир масалага эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари тиббий таълим тизимига “Тиббиёт ходимларининг маънавияти”, “Шифокор маданияти” каби махсус курслар киритиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳам бугунги кун талаби. Сабаби, мутахассис ўз соҳасини чуқур билиш билан бирга, юксак маънавият, гўзал хулқ-атворга эга бўлиши зарур. Чунки шифокорнинг ширин сўзи, хушмуомаласи баъзан дори-дармондан ҳам кўпроқ наф келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, жумладан, катта орзу-ният билан олийгоҳимизга ўқишга кирган йигит-қизларни маънавий дунёси гўзал, касбини пухта эгаллаган, беморлар билан юксак мулоқот маданиятига эга, ўқиш, изланиш, янгиликка интилишдан чарчамайдиган шифокорлар этиб тайёрлашни ҳаётий мақсадимиз ва маслагимизга айлантирамиз.