Мазкур ҳолат Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани, Темирязов кўчасида тасвирга олинган.
Бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам автобензинга бўлган талаб ошганлиги сабабли айрим фуқаролар томонидан ўзларининг шахсий автомашиналарида АЁҚШлардан бензин харид қилиб, уни автомашина бакидан чиқариб қўлда ноқонуний равишда сотиш ҳолатлари учрамоқда.
Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида мунтазам равишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Давлат солиқ ва Монополияга қарши курашиш бошқармалари билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган тадбирлар давомида Жиззах вилоятининг турли ҳудудларида фуқаролар томонидан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан 5 700 сўмдан сотиб олинган АИ-80 маркали автобензинни 10 000 сўмдан 15 000 сўмгача сотилаётгани аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Хусусан, Жиззах шаҳри ва Ш.Рашидов туманларида бир неча фуқаролар томонидан жами 645 литр автобензин ноқонуний равишда сотилаётгани аниқланиб, уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозирда ишчи гуруҳлар томонидан жойларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.