Хусусан 20 та янги уй-жойларда 658 та хонадон қурилиши режалаштирилган. Туманда 2024 йилда 8 та, 5 ва 7 қаватли 301 та хонадонга мўлжалланган уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилган эди. 2025 йилда эса 406 та хонадонга мўлжалланган 13 та 5 ва 7 қаватли уйлар қуриб битказилди. Таъкидлаш жоизки 7 қаватдан иборат турар жойлар энергия тежовчи қурилиш ашёлари, лифт ва ақлли иситгич қозонхоналар билан жиҳозланган. Бу эса уй-жойларда яшовчи аҳоли учун кўплаб қулайликлар ва хавфсиз муҳитни яратмоқда. 

2026 йилда ҳам бу ишларни давом эттириш режа қилинган. Айтиб ўтиш жоизки, 20 та уй-жой қурилиши натижасида 310 млрд сўмлик ишлар амалга оширилади. Савдо ва хизмат кўрсатиш орқали 158 та, қурилиш ишларида эса 750 та янги иш ўрни яратилади. 80 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилинади.

Бундан ташқари Беруний тумани марказида жойлашган 196 хонадонли 16 та кўп қаватли уй-жойларда реновация ишлари олиб борилади. Амир Темур, Марказий ва Хоразм маҳаллалари ҳудудларида жойлашган кўп қаватли уйларда реновациядан кейин замонавий типдаги уй-жойлар қад кўтариши режалаштирилган. Иҳчам ва барча замонавий қулайликларга эга бўлган уй-жойларга бугун аҳоли томонидан талаб катта. Шу сабабли уй-жойларнинг қурилишида сифатли қурилиш материаллари ишлатилиши бўйича доимий мониторинг ўрнатилган.

Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.