Мазкур мактабнинг амалдаги биноси 1970 йилда 140 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, ўқувчилар сонининг ортиши натижасида кейинги йилларда 2,5 коэффициент асосида фаолият юритиб келмоқда эди. Ҳозирги кунда мактабда 354 нафар ўқувчига 35 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда.
Шундай шароитга қарамасдан 2024–2025 ўқув йили якунларига кўра, мактабнинг 33 нафар битирувчисидан 13 нафари, яъни 40 фоизи олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Сўнгги йилларда таълим тизимини ривожлантириш, ўқувчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида ушбу мактаб ҳудудида 6 миллиард 200 миллион сўмлик қўшимча янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Илгари мактабда спорт зали мавжуд бўлмаган бўлса, янги бинода замонавий, 12x24 ўлчамдаги спорт зали барпо этилди. Шунингдек, бинога замонавий лифт ўрнатилиб, иситиш тизимини яхшилаш мақсадида янги “МТУ-300” русумли теплонасос қуйилди. Имконияти чекланганлар учун хам қулай ва замонавий муҳит яратилди.
Беруний туманида яна бир муҳим ижтимоий соҳа объекти, яъни 14-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриб берилди. Ушбу муассасанинг эски биноси 1968 йилда қурилган бўлиб, 1970 йилда мослаштирилган ҳолда болалар боғчаси сифатида фаолият бошлаган ва узоқ йиллар давомида 100 ўринли қувват билан хизмат кўрсатиб келган.
2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-454-сонли қарори доирасида мазкур ташкилот биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, натижада замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, қуввати 120 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди. Лойиҳани амалга ошириш учун жами 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди.
Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.