Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети машинасозлик факультети ташаббуси билан Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 224-сонли умумий ўрта таълим мактабида ёшларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш мақсадида “Беш муҳим ташаббус ёшларга қанот” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш бугунги куннинг муҳим талаби экани ҳақида сўз юритилди. Бугунги ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалиши, замонавий билимларга эга ёшлар “Учинчи ренессанс” пойдеворини мустаҳкамлаши таъкидланди.   

Тошкент давлат техника университети жамоаси, шунингдек, Шайхонтоҳур тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 32 та ва Юнусобод тумани бўйича 10 та, жами 42 та мактаб билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Жумладан, мактаб ўқувчилари билимини аниқлаштириш мақсадида аниқ ва табиий фанлар (математика, физика, кимё) бўйича ўқувчилардан тест синовлари олинди ва уларнинг билимига қараб, иқтидорли ва оддий гуруҳлар шакллантирилди. Жами Шайхонтоҳур тумани бўйича 1162 нафар, Юнусобод тумани бўйича 316 нафар мактаб ўқувчиси курсларга қамраб олинди.

Тошкент давлат техника университетига Тошкент шаҳридан жами 10 та маҳалла, Олмазор туманидан 9 та ва Яшнобод туманидан 1 та маҳалла бириктирилган. Бириктирилган маҳаллаларда ёшларни касбга ўргатиш, билим ва кўникмалари ҳамда уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, дастлабки босқичда ёшлар чет тиллари фани, IT-технологиялари, математика, физика, спорт, бадиий ижодкорлик, ёш оила бўйича тўгаракларга қамраб олинган.