Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 5 ташаббус доирасида тадбир ташкил этилди. Унда Сенат раиси Т.Норбоева ва сенаторлар, Маданият, Жисмоний тарбия ва спорт, Ахборот технологиялари ва коммникацияларини ривожлантириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа қатор ташкилот раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати томонидан ташкил этилган ушбу тадбир давомида шунинг гувоҳи бўлишимиз мумкинки, айнан биринчи ташаббус доирасида юртимиздаги мавжуд 800 дан ортиқ маданият марказларида 4522 та тўгарак фаолиятининг йўлга қўйилгани халқимиз санъатга, маданиятга ошуфта эканидан далолатдир.

Шунингдек, иккинчи ташаббус борасида умумтаълим мактабларида 7064 та спорт тўгараги ташкил этилгани ёшларнинг нафақат ақлан, балки жисмонан етук бўлишидаги саъй-ҳаракатлардир. Шу билан бирга, учинчи ташаббус доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 52 та рақамли технологиялар ўқув марказининг очилгани, умумтаълим мактабларидаги компьютер синфхоналари сони 14940 тага етгани ёшларимизнинг ҳар жабҳада етакчи бўлиши, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топиши учун интилаётганининг яққол исботидир.

Таъкидлаш жоизки, тўртинчи ташаббус бўйича бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 201 та ахборот-кутубхона марказидаги жами китоблар сони 16 319 587 та етди. Инчунун, бешинчи ташаббус доирасида ҳам эътиборга лойиқ чора-тадбирлар амалга оширилган. Юртимизда жорий йилда иш билан таъминланган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар сони 76 198, касб-ҳунарга ўқитилганлар сони 15 935 нафарни ташкил қилади.

Эътироф этмоқ жоизки,  беш ташаббус қанчадан-қанча имкониятлар эшигини очди. Ёшларнинг қобилияти ва билимини ошириш, уларни эркин фикрли, маънавияти юксак инсонлар этиб тарбиялашга замин бўлди.

Жамшид ХОЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси