Улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”и “Тадбирлар ва кенгашлар”дан бошланиб, ўттиз битта “Кенгаш”дан иборатлиги бежиз эмас. Умуман олганда, ўзбек давлатчилигига хос жиҳатлардан бири айнан кенгашдир! Масалан, милоддан олдинги II асрда Фарғонага келган хитойлик элчи водийда оқсоқоллар кенгашининг нуфузи юқори бўлганини ўз эсдаликларида алоҳида қайд этиб ўтган.
Улкан салтанатлар тузиш, уларни унумли бошқаришга қилич ёрдамидагина эришилган, деб ўйлаш нотўғри. Амир Темур бутун умрини ҳарбий юриш, уруш-талашларда ўтказгани- га оид фикрни оммага сингдириш илинжи ўз замонасида ҳам кучли бўлгани ва эндиликда ҳам борлигини баралла айтишимиз лозим. Ҳолбуки, улуғ бобомиз душманларни енгиш, ўзга ерларни бўйсундириш ишини олдиндан, асосан, ўз саройи, кўчма қароргоҳларида пишитиб қўйганини биламиз. Бунинг учун у мўлжалдаги ўлкалар, уларнинг ҳукмдорлари, таниқли хонадон ва шахслари, урф-одатлари, иқлими, бозорига оид маълумотларни тарихий, жуғрофий, диний, адабий асарлар орқали ўрганган, мазкур масалалардан яхши хабари бор кишилар билан суҳбатлашган, тегишли мавзулар бўйича эринмай сўраб-суриштирган.
Ҳар қандай замонда бўлгани каби, ўзбек давлатида ҳам ташқи кўруклик (разведка) хизмати унумли ишлагани бугун кўпчиликка маълум эмас. Соҳибқирон элу юртимизга бошчилик қилган йилларда кўруклик юксак даражада йўлга қўйилганига оид тарихий далиллар етарли.
Хитойдан Италиягача улкан кенгликда фаолият кўрсатиб, ўзларини амалдор, сўфий, чаканачи, йирик савдогар, полвон, дорбоз, ҳунарманд, мунажжим, қаландар, дарвеш, денгизчи, сув сотувчи, этикчи, олим, талаба, кампир ўлароқ тутган кўрукчилар тегишли ўлкалардаги иқтисодий вазият, жумладан, нарх-наво лар, тош-тарозилар, йўллар, шаҳарлар, уйларнинг ўрнашув чизмалари, ерларининг паст-баландликлари суратлари (recognosco), майдонлари, жуғрофий томонлари, ҳар бир аҳоли маконининг аталиши, бошлиқлари, амирлари, улуғлари, фозиллари, шарифлари, бойларию фақирлари, улар ҳар бирининг исм ва лақаби, шуҳрати ва насаби, ҳунари ва тирикчилик манбаси бўйича қимматли маълумотларни йиғиб, Амир Темур қароргоҳига юбориб турган. Ҳазратнинг кўп тилга олинадиган “Салтанатни бошқариш ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтирилишини англадим”, деган сўзининг мағзини ҳам давлатчилигимизнинг мазкур масаладаги юксак хабардорлиги даражаси орқали чақиш керак. Яъни, аслида, Соҳибқирон оламнинг маъмур ва обод бўлагини Самарқанд атрофида бирлаштириш ишини тахтда ўтириб, олдиндан бажариб қўйган. Ҳарбий юришлар эса мазкур ҳолатни расмийлаштириш бўлганди, десак жуда ҳам ошириб юбормаган бўламиз.
Демак, улкан салтанатлар тузиш, уларни бошқариш борасида ўз илмимиз доим бўлган. Шунинг учун ҳам ўтмишда олий ҳукмдорларимиз, вазирларимиз, амалдорларимиз, олимларимиз бошқарув муаммолари билан ўта жиддий шуғулланганини тасдиқловчи гувоҳликлар жуда кўп. “Темур тузуклари” кишилик тарихида бирдан-бир ўзига хос асар экани, ўтмишда бирон-бир давлат бошлиғи ўзининг кўп йиллик тажрибаси ўлароқ бундай қўлланма ёзмагани, аниқроғи, бундай оғир юмуш қўлидан келмаганини қайта-қайта уқтиришдан ҳеч қачон чарчамаймиз. “Фозил одамлар шаҳри”, “Қутадғу билиг”, “Қобуснома”, “Сиёсатнома”, “Ахлоқи Муҳсиний”, “Туҳфат ал-мулук”, “Туҳфат ал-фузало”, “Туҳфат ал-вузаро”, “Сулук ал-мулук”, “Дастур ал-вузаро”, “Дастур ал-мулук”, “Номайи номи”, “Макорим ул-ахлоқ”, “Рисола ал-мулук”, “Наводир ал-вақое”, “Танбеҳ ас-салотин” сингари рўйхатини яна давом эттириш мумкин бўлган асарлар — салтанат идораси, ҳукмдор, вазир, ҳоким, турли даражадаги амалдорлар фаолиятининг ҳар хил масалаларига бағишланган қимматли қўлланмалар бошқарувчилик санъатимиз неча-неча асрлар ичра сайқалланган билим ва тажрибага таянганини исботлайди, албатта. Уларда давлат бошлиғи кенгашиб иш юритиши борасида бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳикматлар етарлича топилади.
Масалан, термизлик улуғ аждодимиз Хожа Самандарнинг (тахминан 1730– 1830 йиллар) “Дастур ал-мулук”идаги мана бу фикр: “Кенгаш ва маслаҳат куни ақл, донолик ва донишмандликни имтиҳон қилиш кунидир”.
Ватан ҳимоячилари куни арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг галдаги кенгайтирилган йиғилишини худди шундай синов куни бўлди, десак адашмаймиз.
Касбимиз тақозоси ўлароқ туриштурмуш, тарих турли воқеалар, кутилмаган ҳолат ва ишларга бой бўлишини билсак-да, ўзимиз гувоҳи бўлиб келаётган мустақиллик йилларимиз, унинг икки босқичида кўрган ва кўраётганларимиз баъзан кишини ҳайратлантиради, саволларга кўмиб, ўйлашга мажбур қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши тузилганига ҳам ўттиз йил бўлди. Тўғри, бошқа давлатлардаги каби унинг фаолияти, йиғинлари кўп жиҳатдан ёпиқ кечган. Мазкур тузилманинг иши ҳақида яқин-яқингача беш-ўнта гапдан иборат қуруқ ахборотдан ортиғини кўрмаганимиз ҳам ҳақиқат. Бироқ сўнгги йиллар ушбу “анъана” бузилгани ва мазкур ўта муҳим давлат тузилмаси ишини бошқача йўлга қўйиш мумкинлигини кўрсатаётир.
Гап шундаки, мана уч йилдирки, Хавфсизлик кенгашининг йиллик кенгайтирилган йиғилишида қатнашиш бизга ҳам насиб этмоқда. Илк бор чақирилганимизда эса ўз қатнашувимиздан муддао масаласида ҳатто ҳайрон ҳам бўлганимизни яшириб ўтирмаймиз. Бироқ Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг эл-юрт, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга бағишланган чиқишлари, айниқса, юзаки қараганда мавзуга алоқаси йўқдек туюлажак қатор йўналишлар бўйича қилган чуқур ва асосли таҳлилини тинглаб, ақл чиғириғидан ўтказганимизда, хавфсизлик борасида узоқ йиллар ичида шаклланиб, бошқалар қатори каминани ҳам авраб қўйган эскича тушунчалардан воз кечиш пайти келганини англаб етдик. Яъни хавфсизлик, бу — беками кўст қурол-аслаҳа, ҳарбий машқларгина эмас, балки жамиятнинг умумлашма сифати. Шунинг учун ҳам миллий қўшинимизни энг замонавий яроқлар билан таъминлаш изчил давом этилишини алоҳида урғулаган Президентимиз бутун кенгаш давомида энг катта эътибор берган масалалардан бири ҳарбийларимизнинг билим даражаси ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги бўлди.
Чиндан ҳам, сўнгги йилларда бизга яқин ва диққатимизни тортиб турган минтақаларда юз бериб келаётган уруш-талашларда икки ҳал қилувчи омил яққол кўзга ташланмоқда: кечагина тасаввур қилиш қийин бўлган, илмфаннинг энг сўнгги ютуқлари негизида яратилган ўта замонавий қурол-аслаҳалар ва шахс. Жанг воситалари қанчалик сайқалланиб, ақллилаштирилмасин, агар уни яратадиган ҳам, қўллайдиган ҳам одам — олим, муҳандис, аскар ва зобит эканидан келиб чиқилса, иккинчи омилнинг тенгсизлиги аёнлашадиқолади. Шу ўринда, миллий етакчимиз Хавфсизлик кенгашидаги чиқишининг бошланишида “ўз кучимиз ва имконларимизга ишониб яшаш ва ишлашга ўрганишимиз керак”лигига алоҳида урғу берганига тўхталиб ўтган бўлардик.
Бизнинг авлод мустамлака-совет даврида “коммунизм”нинг келишига ишониб яшади, мустақилликка эришгач эса “буюк давлат қурилиши”га! Ҳар икки ҳолатда ҳам бўлажак эзгу ҳаётни ким қуради ва уни қурувчилар қандай бўлмоғи лозим, бунинг учун давлат ва жамиятда тегишли муҳит яратилиши керакмасми, саволини ҳеч ким берган эмас, аниқроғи, беролмасди! Сабаби ҳам маълум: эркинлик йўқ эди, ҳар ким ўз фикрини айтолмасди, билиб-билмасдан айтиб қўйса, албатта жазоланарди.
Янги Ўзбекистонга турли жиҳатлардан баҳо берса бўлади ва уларнинг барчаси ҳамда ҳар бири учун асос топилади. Сўз юритилаётган мавзу нуқтаи назаридан олганда эса 2016 йил кузида бошланган тарихий босқичимизни, моҳият эътибори билан инсонни эркин ва рақобатбардош қилиш
жараёни ўлароқ баҳоласак, тўғри бўлади. Негаки, эркин шахс ва шундайларнинг йиғиндиси — жамият ўз кучига ишониб, ўз имконларини билсагина, улкан чўққиларни эгаллай олади, бўлмаса, куни ва бутун умрини хаёлий нарсалар билан ўтказади. Охир-оқибат кўза кунида синганида, енгилроқ синовга ҳам дош беролмай қолади.
Биз эркинликни атом қувватига ўхшатамиз: ундан ёритиш, иситиш, юрғазиш, кўтариш, яратиш ишларида фойдаланиб, кишилар турмушини енгиллаштириш, яхшилаш мумкин бўлгани ҳолда, ёмонлик, ҳатто ёвузлик йўлида ҳам суиистеъмол қилиниши, айтайлик, оммавий қирғин қуролини қўллаш орқали миллионлар ёстиғини қуритишгача боришини ким билмайди дейсиз.
Сўз эркинлиги ҳам шундай! Янги Ўзбекистон айнан шу омилнинг шарофати ўлароқ бошлангани, ундан куч олаётгани бор гап! Президентимиз узлуксиз урғу бериб келаётган бош масалалардан бири — энди ортга қайтмаслик шаҳдимизни кафолатлаш, ўта қисқа муддатда эришилган чиндан ҳам тарихий ютуқларимизни таъминлашда эркинлик омилининг ўрни қиёссиз.
Шу билан бирга, ахборот тарқатиш восита ва йўсинлари тенги йўқ даражада илғорлаб кетаётган эндиги паллада ёлғон-яшиқ, туҳмат-бўҳтон, чалғитувчи, ваҳимага солувчи, қўрқитувчи, қўзғатувчи, ахлоқан бузувчи, миллийлик, ўзликни инкор этувчи, ёт қараш ва одатларни тарғиб этувчи, ўзига бўлган ишончни йўқотиб, бошқаларга эргаштирувчи маълумотларни тизимли ва мақсадга мувофиқ етказиш, тўғри маънода ҳар бир уй, оила, инсон қалбию онгига ҳеч бир тўсиқ ва рухсатсиз, истаган пайтида кириб бориш, уларни эгаллаш осон иш бўлиб қолаётганига ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шу маънода, воқеликка айланиб бўлган, моҳият эътибори билан таҳлиллаганда, умуммиллий хавфсизлигимизга ҳам зарар келтираётган мазкур таҳдидларга қарши қандай курашиш керак, деган савол туғилиши табиий.
Кенгашда “Ахборот майдони ҳақиқий жанг майдонига айланиб бўлди”, дея алоҳида таъкидлаган Президентимиз аскарларимизнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги масаласида маънавий, хусусан, ҳарбий меросимиздан унумли фойдаланиш вазифасига шунчаки тўхталмагани аниқ. Негаки, ҳар қандай илғор асбоб-ускуна, жиҳоз, жумладан, ҳарбий мақсаддагилари ҳам, янги қоида, тенглама, кашфиётлар кишиликнинг моддий юксалиши ва жисман асралишини таъминлашгагина қодир, холос.
Инсон ва жамиятни ўз кучига ишонтирувчи, онгини комиллаштирувчи омил эса неча-неча авлодлар синовидан ўтиб, яратилган тарихий, адабий, тил, санъат, фалсафий, жуғрофий, диний меросдир! Буни тасдиқловчи мисоллар ўз ва ўзгалар бисотида жуда кўплаб топилади. Миллатимиз бошидан ўтган иккитасини эсга соламиз, холос: 3000 йиллик давлатчилик ўтмишимиз ичида беш марта қарамлик босқичини бошдан кечирган бўлсак, барчасида босқинчилар бизнинг меросимизни йўқ қилиб, ўзиникини тарғиб қилишга қаттиқ киришгани, бу борада муайян “ютуқлар”га эришганини ҳеч ким инкор этолмайди. Чунки ота-боболарини эсдан чиқарган, ўзлигини унутган халқ оломонга, ундан қулга айланиши “олтин қоида”дир. Бунинг исботини сўнгги мустамлакачиликнинг барча азоб ва асоратларини ўзидан ўтказган бугунги авлод мисолида кўриб турибмиз.
Тўғри, давлат мустақиллигимизни тиклагач, қаршимизда кўпдан-кўп ва оғирдан-оғир вазифалар кўндаланг тургани бор гап. Уларни бажариш ўта мураккаб шарт-шароитларда кечиши олдиндан маълум эди. Бироқ тил, имло, тарихий, адабий, фалсафий, диний меросимизни тиклаш, ундан замонавий ва етук ўзбек кишисини тарбиялашда оқилона фойдаланиш у ёқда турсин, айрим пайт ва ҳолларда эскича ёндашувлар давом эттирилганини энди кимдир тан олади, кимдир йўқ.
Президентимизнинг қаттиқ ва тўхтовсиз уринишлари, ишонтиришлари билан миллий-маънавий меросимизнинг барча имкониятларини ишга солиш учун етарли шароит яратилган сўнгги йилларда айнан мустақиллик давримизнинг ҳал қилувчи илк чорак асрида йўл қўйилган “бепарволик ва беписандлик” оқибатида кўп ишларни бошидан бошлашга тўғри келмоқда. Узоққа бориб нима ҳам қиламиз, ҳарбий мерос тушунчасининг ўзи илк бор миллий етакчимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 12 январда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида ўртага ташланган ва “Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти”ни тузиш топшириғи берилган эди.
Агар ўзбек давлати 2500 йиллик каттагина вақт мобайнида дунё уруш-талаш майдонларида забардаст от суриб келгани, ўтмишдаги ҳарбий саркардаларимиз номларию ишлари ҳозирда ҳам олам узра ҳайрат, ҳавас, эътироф, ғашлик уйғотиши кўзда тутилса, давлат мустақиллигимизни тиклагач, йигирма беш йил нима иш қилдик ўзи, дея туғилган ҳақли саволга жавоб тополмай қоламиз.
Ҳарбий маҳорати бутун дунё томонидан тан олинган Амир Темур, шунингдек, Жалолиддин Мангуберди, Шоҳрух Мирзо, Султон Абу Саид, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдуллахон, Шоҳмалик, Ялангтўш Баҳодир сингари буюк ҳарбий арбобларимизни четга суриб, истиқлол йилларида ҳам суворовчиликни давом эттирдик. Ҳатто шу ном ва мазмунда мактаблар ҳам тузиб, болаларимизни ўқитдик...
Бугун барчамизнинг қулоғимиз ва кўзимиз ўрганиб бўлган “Темурбеклар мактаблари” 2017 йилга келибгина Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан очилгани ва унгача қаерда юрганимиз, чорак аср “эски мактаб” бағрида униб-ўсган ҳар бир ёш ҳарбий авлоднинг сифати не бўлгани сабабинию миллий қўшинчилигимиз иқтидорига узоқ йиллик таъсири даражасини тушунтириб бера оламизми?
Сиёсий, ҳарбий, маънавий қиммати юқорида урғуланган “Темур тузуклари” бўйича ўқув қўлланма 2021 йилга келибгина яратилгани ва ушбу ўта зарур ва хайрли иш Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат М ирзиёевнинг қайта-қайта талаб қилиши, услубий кўрсатмалари ўлароқ ишлаб чиқилганига шахсан гувоҳмиз! Нега шу “оддий” ишни илгари қилмадик, қилолмадик?
Ҳарбий қасамёдимиз-чи? 1992 йил 3 июлда тасдиқланган “Ҳарбий қасамёд”имиз СССРнинг 1947–1991 йиллардаги “Ҳарбий қасамёди”нинг мазмунан, айрим ерларида эса сўзма-сўз қайтарилиши асосида тузилганини бугун кўпчилик билмайди. Бошқача айтганда, 2019 йилгача, яъни Президентимиз топшириғига кўра, миллий руҳ билан суғорилган “Ватанга қасамёд” қабул қилинмагунгача биз салкам ўттиз йил, моҳият эътибори билан сталинча қасамё дни ҳазм қилиб келдик.
Шу маънода, яқинда содир бўлган бир шонли воқеага диққатни қаратган бўлардик. Миллий етакчимиз ташаббуси билан Амир Темур жанговар байроғининг таъсис этилиши ва уни ғолиб — Марказий ҳарбий округга етказиб бориш жараёнининг қимматини тушунган тушунади, тушунмаган йўқ.
Агар бир томондан, Соҳибқирондек улуғ шахс кишилик тарихида бирданбирлиги, Ҳазрат қолдирган сиёсий, ҳарбий, маънавий мерос бошқа ҳеч қайси халқда йўқлиги, иккинчи томондан эса давлат мустақиллигимизни тиклаганимизга ўттиз икки йил тўлишини ақл ва виждонимиз чиғириғидан ўтказолсак, табиий савол туғилади: нега бу ишни олдинроқ, масалан, ўн, йигирма, ўттиз йил бурунлар қилмадик, бизга нима халал берди? Наҳот, ўз қадриятларимиз қолиб, бошқаларникидан илҳомланиб юришнинг аянчли оқибатлари ўйланмаган бўлса?
Ботирлик, юртсеварлик ва эл учун ўзни бағишлашнинг юксак ибратини кўрсатиб қўйган Томир хотун (Tomiris), Широқ сингари миллий қаҳрамонларимизни афсонага чиқариб, ён-атрофга тортиқ қилиб юборилганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, деб ишонамиз. Эндиликда ҳам совет ҳокимиятига қарши ўн етти йил давом этган миллий-озодлик қуролли кураши етакчилари — қўрбошиларимизни “босмачи бўлган-ку”, деб юрганлар орасида атоқлилари ҳам борлигини эса ҳеч қачон тушунмаймиз.
Ҳозирда давлатимиз раҳбарининг топшириқларига кўра, ҳарбий кийимбошлар, миллий қўшинимизда кунда қўлланадиган атамалар, жумладан, буйруқлар, ҳаракатлар, манзилларни ҳам миллийлаштириш устида иш кетаётгани инобатга олинса, Истиқлолга эришиб ҳам узоқ йиллар мустамлакачилардан қолган “советча мерос”га сиғиниб келаётганимиз юзага чиқади-қолади.
Миллий-ҳарбий чолғучилигимиздек ўта муҳим йўналишда ҳам ҳалигача ўз қозиғимизни тополмадик, десак адашмаймиз. Айрим мусиқий асарларимиздан эски замонларнинг саси келишидан ташқари, уларнинг ҳам қайғули, ҳам қувончли тадбирларда бир хил қўлланишига ҳайрон қоласан киши.
Демак, миллий етакчимиз Хавфсизлик кенгашининг бу сафарги кенгайтирилган йиғилишида ҳам ҳарбий меросни янада кенг ва изчил ўрганиш масаласини шунчаки кўндаланг қўймади. Негаки, бу борадаги бисотимиз жуда ҳам бой ва салобатлидир. Президентимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳарбий маҳорати ҳақида тинимсиз бонг уриб, уларни юзага чиқариб келаётгани бежиз эмас. Чиндан ҳам биз уларнинг жанг санъати ва ҳарбий тафаккурини қойиллатиб ўрганганимиз йўқ. Кушоний, эфталий, ашиналий, сомоний, қорахоний, ғазнавий, салжуқий, ануштегиний ҳарбий арбобларнинг хизматлари бўйича ишларга эса ҳануз қўл ҳам урилмаган. Темурийлардан эса Соҳибқирон ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурни унча-мунча биламиз, холос.
XIII аср бошларида ҳозирги Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Эрон, Озарбайжондан иборат улкан кенгликда салтанат тузган Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ, XVI аср иккинчи ярмида Туркистонни бирлаштириб, давлатимиз забардастлигини таъминлаб берган Абдуллахон каби улуғларимиз мероси ҳали ҳам “чанг босиб ётибди”.
Хўш, шунча муаммолар бор экан, уларни ечиш қўлимиздан келадими?
Албатта! Миллий етакчимиз тарихий янгиланиш давримизнинг илк кунларидан ўз кучимизга бўлган ишонч руҳини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод феъли ва онгига сингдиришга қаттиқ киришгани сир эмас. Бу — энг оқилона сиёсат. Негаки, ишончга йўғрилган руҳни синдириб бўлмайди. Кишилик ва ўз тажрибамиздаги барча буюк ишлар айнан шу омил туфайли юз берган. Унинг мағзини эса Президентимиз Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида жуда оддий, бироқ каттаю кичикка тушунарли равишда ифодалаб берди: “Билаги зўр — бирни енгар, онги ва юраги зўр эса — мингни”.
Азамат ЗИЁ,
ФА Тарих институти директори,
тарих фанлари доктори, профессор