- Бизнинг замин азалдан кураги ерга тегмаган полвонлар, баҳодирлар юрти бўлган. Мард, танти, меҳмондўст халқимиз шуҳрати дунёга маълум. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз куч-ғайратини, қудратини дунё аҳли яхши билади. Бу ҳозир ҳам давом этмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спортга, спортчиларга эътибори, ғамхўрлиги, яратилган шарт-шароитлар туфайли Ўзбекистон йигит-қизлари оламшумул ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз шарафини баланд кўтармоқда. Эҳтимол, гапларим эриш туюлар. Аммо, бу — ҳақиқат.
Масалан, ўзим. Гарчи бир неча маротаба чемпионликни қўлга киритган бўлсам-да, яқин йилларгача мени ҳеч ким танимас эди. Устоз-мураббийларимдан бошқа бирорта мутасадди раҳбар тақдирим ва ютуқларим учун жон куйдирмаган. Нокамтарлик бўлса-да, очиғини айтишим керак, дунёга Баҳодир Жалолов бўлиб танилишим Президентимизнинг ўзбек спортчиларига алоҳида эътибори, қўллаб-қувватлови, ишончи самарасидир. Бу ишонч ва мотивацияни бугун ҳар бир спортчи фаолиятида кўриш мумкин. Буни биз ҳар бир ғалабамизда ҳис қиламиз.
Бугун Дубайдаман. Бу ерда 18 март куни бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарликни бошладик. Лекин кўнглим она юртимда, хаёлим эса Президентимиз имзолаган қарорда. Бу қарорнинг қабул қилиниши, тўғрисини айтсам, билагимга куч, шижоатимга руҳ бағишлади.
Президентимиз бизга бокс маҳорати мактабини очиб берди. Энди биз бу мактабда дунёга машҳур спортчиларни тарбиялашимиз керак. Албатта, бу шарафли вазифани бажонидил бажарамиз. Иқтидорли спортчи укаларимизга бор маҳоратимизни ўргатамиз. Бу истиқболли ишни чемпион дўстларим, елкадош устозларим, яқинларим, спорт соҳасининг жонкуяр вакиллари ва мутасадди раҳбарлари билан ҳамжиҳатликда амалга оширамиз.
Худо хоҳласа, қутлуғ ният билан асос солинаётган бокс мактабимизга Ўзбекистондаги энг маҳоратли мураббийларни танлаб оламиз ва юртимиз шаънини ҳимоя қиладиган ёш боксчиларни тарбиялаб, дунё ринг майдонларига чиқарамиз.
Президентимизнинг менга билдирган юксак ишончини фидойи меҳнатим, изланишларим ва ҳозир тилимга чиқара олмаётган эзгу ниятларим, ёруғ режаларим натижаси билан, албатта, оқлайман. Мамлакатимизнинг тобора юксалиб бораётган куч-қудратини, салоҳиятини, бокс мактабимизда таълим оладиган ёш, эпчил спортчиларимизнинг келажакдаги ғалабалари билан янада мустаҳкамлаймиз.
Билакдаги куч, онгимиздаги тафаккуримиз билан ҳали дунё спорт майдонларида янада улкан зафарлар қучамиз. Ўзбекнинг болалари дунё майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтариб, Ватан мадҳиясини баралла куйлайверади.
Ишончимиз комилки, ўзбек бокс мактаби дунёдаги энг кучлилардан бири сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Баҳодир ЖАЛОЛОВ,
Токио Олимпиадаси ғолиби,
“Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби