Унинг талафотлари кўлами мамлакатлар қанчалик ривожланган бўлмасин, барибир табиат ҳодисалари олдида қайсидир маънода ожиз эканлигини кўрсатди. Сўнгги маълумотларга кўра, биргина Туркияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони салкам 3 минг нафарга етди, қарийб 16 минг киши эса жабрланган. Шунингдек, ер силкиниши оқибатида мамлакатда 5 минг 600 дан ортиқ бино вайрон бўлгани аниқланган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида бир нафар юртдошимиз ҳам бор. Бундан ташқари, тўрт нафар ҳамюртимиз бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, дунёда юз берадиган турли табиий офатлар одамларни ўзига хос синовдан ўтказиб туради. Уларни қилаётган ишларини янада пишиқ-пухта режалаштиришга, оқибатларни ўйлашга мажбур қилади. Бу, айниқса, қурилаётган бино-иншоотлар хавфсизлиги, зилзила бардошлиги масаласида долзарб аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугун аксариятимизни турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, умуман, амалга ошириладиган қурилиш жараёни қайси мезонлар асосида олиб борилади, деган саволлар қизиқтирмоқда. Шунингдек, қурилиш тартиб-тамойили қандай ҳужжатларга таяниши ҳам бугунги куннинг долзарб саволларидан бири бўлиб турибди. Мана шундай саволларга жавоб олиш мақсадида мутасаддиларга мурожаат қилдик.
— Бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилади, — дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов. — Умуман, мамлакатимизда хавфсизлик масалаларига лойиҳа олди жараёнидаёқ эътибор қаратилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ф.А.Мавлонов номидаги Сейсмология институти томонидан махсус карта ёрдамида ҳудуднинг зилзилабардошлиги аниқланади. Бу сейсмиканинг бошланиши — зилзилабардошлик деган тушунча шу ердан пайдо бўлади. Яъни, ҳудуднинг зилзилабардошлиги ўрганилиб, бу борада ташхис қўйилади.
Кейинги босқич лойиҳа ишларининг бошланиш жараёни ҳисобланади, буни ҳатто лойиҳа олди жараёни дейиш ҳам мумкин. Бунда лойиҳачига буюртмачи томонидан тақдим қилиниши шарт бўлган ҳужжатлар бор. Уларнинг ичига лойиҳа ҳудуднинг геология-муҳандислик хулосаси ва топохаритаси киради. Бу иш билан шуғулланувчи ваколатли орган “ЎзгашЛИТИ” институти ҳисобланади. Бугунги унда бу ишлар хусусий сектор томонидан ҳам бажариб келинмоқда. Булар — зилзилабардошликнинг лойиҳа олди ишлари.
Бундан кейин лойиҳа жараёнига киришилади. Бунда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан доимий равишда илмий-амалий ишлар олиб борадиган Қурилиш меъёрий қоидалари (ҚМҚ)га асосан, лойиҳачи лойиҳа олди ҳужжатларини буюртмачидан тўлиқ қабул қилиб олганидан кейин лойиҳа ишини бошлайди. Уни амалга ошириш жараёнида ҳар бир ҳудудда геология муҳандислик қидирув ишлари хулосасидаги сейсмик параметрларга биноан, лойиҳалашни бошлайди. Лойиҳада сейсмик параметрлар бўйича лойиҳанинг зилзилабардошлик қисмига лойиҳа бош архитектори билан биргаликда, лойиҳа бош муҳандиси асосий жавобгар ҳисобланади. Асосий иш лойиҳа бош муҳандисининг масъулиятида туради ва у лойиҳа ишларини якунлагандан кейин экспертизага топширади. Давлат органи ҳисобланган экспертиза Қурилиш вазирлиги қошида фаолият юритади.
Шунингдек, экспертиза хулосаси хусусий фирмалар томонидан ҳам берилади ва бу каби тадбиркорлик субъектлари вазирлик томонидан аккредитация қилинади. Албатта, экспертизанинг мажбурий томонлари мавжуд. Шуларнинг энг асосийси — бу объектнинг зилзилага чидамлилигидир. Молиялаштириш манбаларидан қатъи назар барча объектлар мазкур кўрсаткич бўйича экспертизадан ўтиши мажбурий. Экспертизадан ижобий хулосага эга бўлган объектларда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хабарномаси билан қурилиш ишларига киришилади. Ўша кундан бошлаб объектдаги зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги, энергия тежамкорлик каби Ўзбекистонда бажарилиши мажбурий бўлган талаб ва стандартлар Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси ҳамда лойиҳа муаллифи томонидан давомли равишда назорат қилиб борилади.
Объект барпо этилиб, ўрнатилган тартибда фойдаланишга топширилгандан кейин у эксплуатация органи томонидан назорат ишлари амалга оширилади.
Туркиядаги зилзила оқибатлари, бинолар қулаши соҳа вакилларига катта сабоқ бўлади, албатта. Бу ҳолат, бизда бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда, деган саволни ҳам юзага чиқаради. Бугунги кунда мамлакатимизда бу борадаги мажбурий талаблар бино-иншоотлар кафолатини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Яъни бунда давлат биноларни фойдаланишга топширилгунга қадар сейсмик жиҳатдан мажбуриятни ўз зиммасига олади. Лекин бинонинг эксплуатация жараёни ҳам бунда муҳим аҳамият касб этади.
Уй-жойлардан қанча муддат фойдаланиш мумкин?
“Қишлоқ қурилиш лойиҳа” бош лойиҳа-қидирув институти бош конструктори Шерзод Одиловнинг айтишича, мамлакатимизда мавжуд тартиб-қоидаги кўра, бино-иншоотларнинг хизмат муддатини фойдаланиш турларига қараб, буюртмачининг ўзи танлайди. Жумладан, турар жойлар кўп қаватли ва бир қаватли уйларга ажратилади. Кўп қаватли уйларнинг фойдаланиш муддат 70-80 йил этиб олинган. Агар, шу муддат ичида ҳудудда давлат аҳамиятига эга объект тушмайдиган бўлса, иморат техник кўрикдан ўтказилиб, сейсмик ҳолатига берилган баҳо асосида фойдаланиш муддати узайтирилиши мумкин.
Шифохоналардан фойдаланиш муддати эса 150-200 йилгачани ташкил қилади. Бунинг сабаби барчага тушунарли, улар — турли табиий офатларда биринчи мурожаат қилинадиган манзил ҳисобланади. Иссиқлик ва энергия таъминоти каби бинолар 500 йилгача хизмат қилиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳалаш жараёнида ушбу омиллар инобатга олинади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири