Ҳосилдорликни ошириш учун биологик эскирган навлар ўрнига янги юқори ҳосилли, об-ҳавонинг ноқулай шароитларига чидамли 12 та (шундан 8 та маҳаллий) кузги буғдой навлар майдони 669 минг гектарга кенгайтирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Раҳмонов маълум қилди.
2022 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсуми олдинги йилларга нисбатан 10-12 кун эрта якунланиб, ўтган йилга нисбатан кўчат сони гектарига 4 миллион 800 мингдан-5 миллион 500 минг дона (50-60 минг туп гектарига кўп) олишга эришилди.
Март-май ойларида ғалла азотли минерал ўғитлар билан 3 марта (750-800 килограмдан гектарига физик ҳолда) ҳамда макро-микроўғитларга бойитилган биостимуляторлар билан суспенция усулида 4-5 марта баргидан озиқлантирилди.
Шунингдек, ғалла майдонларида бегона ўтларга қарши 1 миллон 205 минг гектар, занг касаллигига қарши 1 миллион 285 минг гектар, ҳасвага қарши 903 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди. Азотли минерал ўғитлар билан озиқлантирилган ғалла майдонларини пешма-пеш шарбат усулида суғориш ташкил этилмоқда. Шунингдек, 25 минг гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилади.
Хабарингиз бор юртимизда 198 та ғаллачилик кластери томонидан 923 минг гектар (шундан кластерда 98,5 минг гектар, фермер хўжаликларида 833 мингдан зиёд гектар) ғалла майдонларида 6 миллион 700 минг тонна бошоқли дон етиштирилиши мўлжалланган. Ғаллачилик кластерлари томонидан қиймати 797 млрд. сўмлик, 538 минг тонна қувватга эга 98 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 57 минг нафар янги иш ўринлари яратилди.