Лойиҳага кўра, акцияда 18 ёшга тўлган ва ундан катта Ўзбекистон фуқаролари ихтиёрий иштирок этиши мумкин. Бунинг учун улар «Экофаол фуқаро» платформаси орқали рўйхатдан ўтиши керак.

Асосий талаб — бир йил давомида ҳар куни камида 10 минг қадам юриш. Иштирокчиларнинг натижалари махсус мобил илова орқали ҳисоблаб борилади.

Йил якунида республика бўйича энг кўп қадам босган биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин эгалари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятда энг юқори натижа кўрсатган иштирокчилар ҳам алоҳида рағбатлантирилади.

Ғолибларни аниқлашда бир йил давомидаги натижалар ҳисобга олинади. Совринларни ҳар йили декабрь ойида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан бериш режалаштирилган.

Лойиҳада натижаларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш учун алоҳида талаблар ҳам белгиланган. Жумладан, электрон югуриш йўлакчаси, автомобиль, велосипед, самокат ва бошқа техник воситалар ёрдамида қадам йиғиш тақиқланади.

Қадамлар сонини сунъий равишда оширган иштирокчилар акциядан четлаштирилиши, уларнинг натижалари эса бекор қилиниши мумкин. Ҳар бир иштирокчи фақат битта шахсий аккаунт ва битта қурилма орқали қатнашиши назарда тутилган.

Акция натижалари махсус платформада шакллантирилиб, ғолиблар ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилиб борилиши таклиф этилмоқда.

Муҳокама 13 ноябрга қадар давом этади. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади. Демак, ундаги талаблар ва рағбатлантириш тартиби жамоатчилик муҳокамаси ҳамда белгиланган келишув жараёнларидан сўнг ўзгариши мумкин. Лойиҳа қабул қилиниб, расман эълон қилинганидан кейингина кучга киради.

Ҳужжат лойиҳаси билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.