Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласида айни жиҳатлар кенг таҳлил қилиб берилди.

Мақолада Марказий Осиёнинг минтақа­вий интеграцияси илмий жиҳатдан асослан­ган, ўрганиладиган модель сифатида тақдим этилади. Хусусан, чегара масалалари тўлиқ ҳал этилиши билан ҳудуддаги энг мураккаб муаммоларга якун ясалди. Бу нафақат сиё­сий, балки геосиёсий воқеадир. Энди Марка­зий Осиёда “чегара” сўзи “девор” эмас, “кўп­рик” маъносини англатади.

Сув-энергетика соҳасидаги қатор лойиҳа­лар, жумладан, Қамбарота-1, Роғун ГЭСлари, Чашма булоғи, Қайроққум сув омбори бў­йича келишувлар ресурсларни бошқаришда ҳамкорликни кучайтиради.

Иқтисодий кўрсаткичлар саккиз йилда ялпи ички маҳсулот 2,5 баравар (520 мил­лиард доллар), ўзаро савдо ҳажми 2 баравар (11 миллиард доллар), ўзаро инвестициялар қиймати 5,6 баравар ошганида намоён бўл­ди. Бу жаҳон ўртача ўсишидан 2 баравар юқори натижа бўлиб, асосийси, бунга мин­тақанинг ички ресурслари ҳисобидан эри­шилди.

Шунингдек, мақолада биринчи марта “Марказий Осиё ўзига хослиги” ҳақида сўз борди. Минтақада аҳолининг 62-65 фоизи 35 ёшгача ёшлардан иборат. Ички туризм 80 фоиздан ошди. ID карта билан эркин ҳаракат­ланиш мумкин. Ёшларнинг ижтимоий тар­моқлардаги фаоллиги ошган.

Шу ўринда жорий йил октябрда Фар­ғона давлат университетида бўлиб ўтган Тинчлик форуми мамлакатларимизнинг тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга ўзаро интилишининг яққол амалий тасди­ғи бўлганини таъкидлаш жоиз. Бинобарин, мазкур форум Марказий Осиёдаги бунёд­корлик, тинчлик, тотувликнинг амалий ифодаси бўлди.

Сўнгги йилларда ижтимоий йўналишда ҳам ҳамкорлик сезиларли даражада фаол­лашди. Марказий Осиё етакчи аёлларининг мунтазам мулоқот платформаси ва ёшлар форумлари ташкил этиляпти. 2022 йилдан буён университет ректорлари ва олимлари­нинг йиллик форумлари ўтказиб келинмоқ­да. Давлатлар ўртасида маданият йиллари, санъат кўргазмалари, халқаро концертлар, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар доимий ташкил этилмоқда. Ушбу маданий-гуманитар алоқалар халқларимиз ўртаси­даги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, янги авлодда умумий минтақавий ўзлик туйғусини шаклланти­ришга хизмат қилмоқда.

Ислоҳотлардан руҳланган ҳолда Тинчлик форумида келгуси йилда Марказий Осиё ёш­лари иштирокида “Ёшлар форуми”ни ўтка­зиш таклифини бердик.

Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч” деган мақол бор. Шу маънода, мақолада Афғонистон масаласига ҳам кенг эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Афғонистон­ни минтақавий жараёнлардан ажратиб бўл­майди. Бу оддий сиёсий ибора эмас, балки географик, иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан исботланган ҳақиқатдир.

Афғонистон ва Марказий Осиёнинг уму­мий чегараси 2000 километрдан ортиқ. Бир дарё, бир бозор ва бир хил хавф-хатарлар би­лан боғланган ҳаётий макон бу. Трансафғон темир йўли лойиҳаси ана шу умумийликни ривожлантиришда муҳим калит вазифаси­ни ўтайди. Мазкур лойиҳа орқали Марказий Осиёдан Жанубий Осиё ва Ҳинд океанига чиқувчи энг қисқа, энг тежамкор ва стратегик жиҳатдан энг муҳим транспорт йўлаги пайдо бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу орқали транзит вақти 10-15 кундан 3-5 кунгача камая­ди, юк ташиш нархи 30-40 фоиз арзонлашади.

Бу орқали нафақат миллиардлаб доллар­лик иқтисодий фойда, балки Афғонистоннинг 40 миллион аҳолиси учун реал иш ўринлари, инфратузилма вужудга келади. Қолаверса, сўнгги йилларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон томонидан афғон ёшларига бе­рилган ўқув грантлари сони 5000 дан ошди.

Афғонистонни муаммо эмас, имконият сифа­тида кўриш — бугунги Марказий Осиёнинг энг катта стратегик ютуғи.

Президентимиз мақоласида бутун мин­тақанинг янги даври чуқур таҳлили, маз­мун-моҳияти билан эътиборга молик. “Биз девор эмас, кўприк қурмоқдамиз” деган од­дий, аммо чуқур фалсафий иборанинг илмий асосланган шакли.

Янги Марказий Осиё — умумий уйимиз, умумий орзумиз ва ғуруримиз. Бу уйда ҳар бир халқ ўз ўрнини топади, ҳар бир ёш ўз ке­лажагини кўради.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори