Ёзги амфитеатрда 2021 йилда ўтказилган Зомин семинарида “Биринчи китобим” лойиҳасига тавсия этилган 25 нафар ёшларнинг илк китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев олиб борди. Тақдимотни очиб бериш учун Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровга сўз берилди.
– Сизлар ушбу семинарга катта умидлар билан келгансиз, деди устоз адибимиз. – Ва албатта, уч кунлик семинар сизнинг ҳаёт ва ижод йўлларингизда катта мактаб вазифасини ўтайди. Ҳеч бир адибнинг ижоди биринчи китобсиз бўлмайди. Ҳамид Олимжон дейсизми, Абдулла Орипов дейсизми, ҳар бирининг биринчи китоби, биринчи қўлхати бор. Бугунги илк китобингиз барчангиз қаторида ижодкорларга ҳам катта байрамдир. Мен ўзбек шеъриятига Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфдек кучли ва кенг ўйлайдиган, мисралар бита оладиган шоир яна қайта келишини кутгандим. Ёш ижодкор Жамолиддин бадаловнинг “Ўтинч” номли шеърлар тўпламини ўқиганимда адабиётимизда Муҳаммад Юсуфдек ижодкор кириб келганига амин бўлдим. Унинг шеърларини ўқир эканман, унда юракка тез етиб борувчи, унга таъсир қилувчи соддалик, самимийлик кучи борлигини туйдим. Рашид Хўжамовнинг “Алъомон” китоби эса жуда кучли фалсафийликка йўғрилган мисралари билан эътиборимни қозондим. Мен бу китобларни Ҳазрат Навоий тили билан айтганда, “томший-томший” ўқиб чиқдим.
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Хуршид Даврон, Сувон Мели, Аҳмаджон Мелибоев, Кенгесбой Каримов сўзга чиқди. Улар Мирзо Озоднинг “Бешинчи фасл”, Отабек Исроиловнинг “Она лайлак парвози”, Зарнигор Абдуолимованинг “Хайр дема”, Несибели Балтаниязованинг “Бахитли кунди излеп”, Базарбай Жўлдасбаевнинг “Периштелер автографи” каби назмий-насрий китоблар борасида ўз фикрларини билдирди.
– Ёш ижодкорларнинг илк китобларини ўқир эканман, унда Алишер Сабрийнинг “Уч нуқта” китоби мени ўзига жалб қилди, – деди уюшма аъзоси Нурбой Жабборов. – Бизга нафақат шеърлар, балки бутун назмий асарлар керак. Ёшларнинг тўпламларида мазмун ва маҳорат уйғунлигига, бетакрор мисраларга гувоҳ бўлдим.
Тақдимотда “Менинг келганимни билишсин” номли тўплам муаллифи Иқбол Юсуф ҳозирда узоқ сафарда бўлгани боис, ўзининг миннатдорлик туйғуларини устозларга ва тадбир ташкилотчиларига видеоалоқа орқали изҳор қилди.
Тақдимотда ёш ижодкорларга устозлар томонидан ўзларининг муаллифлик китоби ва қалам ҳақи топширилди.
Уюшма аъзолари Абдусаид Кўчимова, Хуршид Дўстмаммад, Исажон Султон ёшларни илк китоби билан қутлади.
Тадбирда хонандаларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга ижод завқини улашди.
Зулайҳо Аҳмаджонова