Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг биз ўзлигимизни, қадриятларимизни, маънавиятимизни теран англай бошладик. Ўзбек номининг шони-шавкати, ғурури дунёга танилди. Аждодларимизнинг азалий орзуси ушалиб, юртимиз мустақилликни қўлга киритганига ҳам 33 йил тўлди.

Жорий йилнинг 9 сентябр куни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан Гулистон давлат педагогика институтининг барча факультетлари ва кафедраларида, гуруҳларда янги ўқув йилининг илк кунларида “Бир бўлсак – ягона ҳалқмиз, Бирлашсак - ватанмиз!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” ҳамда “Биринчи курс мактаби” тадбирлари ташкил этилди.

Шунингдек тадбирда Гулистон давлат педагогика институти ёшлар иттифоқи етакчилари ҳамкорлигида биринчи босқичга тавсия этилган талабалар институтдаги мавжуд шарт-шароитларга кўникиш, мослашиш жараёнини самарали ташкил этиш, талабаларни билимини назорат қилиш ва талабаларга институт тартиб қоидалари тушунтирилди.

Истиқлол даврининг йилма-йил таҳлили яна бир муҳим хулосани айтишга асос беради: Ўзбекистонимизнинг сиёсий, иқтисодий, маънавий қиёфаси батамом ўзгарди. Одамлар тафаккурида кескин сифат ўзгариши содир бўлди. Бугунги халқ 33 йил бурунги халқ эмас. Бу ўзгаришлар келажакда қандай ширин мевалар беришини бир кўз ўнгимизга келтириб кўрайлик. Шунда кўнгилга бахтиёрлик умидбахшлик, шукр ва фахр ҳисси инади. Мустақиллик, аввало, миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини кафолатлайди. Бу дегани эса - биз миллат, халқ сифатида тақдиримиз билан боғлиқ барча масалаларни ўзимиз ҳал этишимиз лозимлигини англатади.

Бугунги кунда институтимизда 5200 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олиб келишмоқда. 2023-2024 ўқув йилида жами 10 нафар профессор-ўқитувчиларимизнинг (Хитой, Белгия, Франция, Туркия, Россия, Белоруссия, Қозоғистондаги етакчи олий таълим муассасаларида) хорижий стажировкалари ташкил этилган бўлса, нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг 8 нафар профессор‑ўқитувчилари ўқув жараёнига жалб этилди ва соҳалар кесимида Мастер-класс дарслари ташкил этилди.

Кредит-модуль тизими асосида ўқув жараёнларини амалга ошираётган олий таълим муассасалари борки, уларда биринчи ўринда таълим сифатига эътибор қаратилади. Шунинг учун регистратор офиси таълим сифатини таъминлаш мақсадида норматив ҳужжатларга мувофиқ академик жараёнларни бошқарилишига жавобгар ҳисобланади.

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Гулистон давлат педагогика институтида ҳам талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлаштириш мақсадида, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари тажрибалари асосида “Регистратор офиси” фаолияти ташкил этилди. Регистратор офисининг мақсади кредит таълим тизими шароитида институтнинг ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилишдан иборат.

2023-2024 ўқув йилида институтда Физика, Биология, Кимё ва Технологик таълим йўналишлари талабалари учун замонавий ўқув лабораториялари ташкил этилди ва тўлиқ жиҳозланди. Маъруза хоналарига интерактив доскалар, ўқув хоналарига эса замонавий смарт мониторлар, компьютер хоналари эса тўлиқ замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Жорий йилда ўқув юкламаларининг кўпайганлигини ҳисобга олиб мавжуд 5 та кафедрага қўшимча янги 4 та кафедра ташкил этилди.

Гулистон давлат педагогика институтида давлат дастури асосида 1000 ўринли ўқув биноси қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Институт талабаларини ТТЖ билан таъминлаш даражаси 42,6% ни ташкил этади. Янги ўқув йилида институт талабаларини турар жой билан таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида институт ҳудудида давлат хусусий шерикчилиги асосида 400 ўринли янги талабалар турар жойини барпо этиш ишлари якунлаш босқичига етказилди.

Институт раҳбарияти томонидан талабаларни турар жойига бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 2024/2025 ўқув йилида институтга яқин жойлашган ҳудудда 196 та ижара хонадонларини манзиллари рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларниг умумий қуввати 865 та ўринни ташкил этади.

Ҳозирда институт илмий салоҳияти 33% ни ташкил этади ва институтда жорий йилдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълим тизими бўйича докторантура, таянч докторантура, стажёр тадқиқотчилик ва мустақил изланувчиликга ихтисосликлар бўйича талабгорлар қабул қилинади.

Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган тиришқоқ ва интилувчан фарзандларимиз – бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, Янги Ўзбекистоннинг бебаҳо хазинасидир.

Бугунги кунда халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган сиз каби ёшларимиз учун мухтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда улкан имкониятлар яратилмоқда. Шуни унутмаслигимиз лозимки, янги ўқув йилида ҳам институт жамоаси ва ёшларини янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдимизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайрат, билим ва салоҳиятимиз билан ҳаракат қилсак, кўзлаган чўққиларга албатта эришамиз.

 

Жахонгир Каршибаев,

Гулистон давлат педагогика институти ректори