Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан кўчма савдо ярмаркалари, деҳқон бозорларида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи нархларда сотилиши таъминланмоқда. Шунингдек, Хоразм вилоятида етиштириладиган гуруч, парранда гўшти ва шакар каби маҳсулотларнинг биринчи қўл тамойили асосида Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга арзон нархларда етказиб берилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Урганч тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган хусусий корхона асосан товуқ гўшти етиштиришга ихтисослашган. Эътиборлиси, гўшт маҳсулотининг тайёр ҳолга келгунгача бўлган барча босқичлар шу ернинг ўзида замонавий техникалар ва зарур маҳсулотлар ёрдамида амалга оширилади. Корхонада кунига 6 тонна товуқ гўшти истеъмол учун барча деҳқон бозорларига етказиб берилади. Хозирги кунда паррандачилик соҳасида ўз фаолиятини яхши йўлга қўйган тадбиркор томонидан товук гўшти нафақат маҳаллий бозорларга, балки қўшни вилоятларда ҳам улгуржи нархларда сотилиши таъминланмоқда.
Пандемия шароитида тадбиркорлар, фермерлар ва аҳолига қулайлик яратиш, кафолатли, арзон нархда озиқ-овқат махсулотларини етказиб бериш мақсадида Департамент органлари томонидан онлайн ахборот алмашиш гуруҳи ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу интерактив тизим орқали Республикамизнинг барча ҳудудларига Хоразм вилоятидан эҳтиёжга қараб парранда гўшти, гуруч ва шакар маҳсулотлари биринчи қўл тамойили асосида етказилиб берилмоқда.
Хусусан, май ойининг ўтган 10 куни давомида вилоятимиздан Тошкент шаҳрига 10 тонна товуқ гўшти, Наманган, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрига 60 тонна гуруч, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятига 75 тонна шакар махсулоти етказилиши таъминланди.
Бу жараёнда Хонқа туманида ўз фаолиятини йўлга қўйган фермер хўжаликлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Асосан, гуруч маҳсулоти етиштиришга ихтисослашган фермер Шавкат Султонов ҳар йил мавсумда 100 гектар ер майдонида 2 хил турдаги гуруч махсулотини етиштиради. Фермернинг дон тегирмонларида қопланган лазер гуручи республикамизнинг барча вилоятлари деҳқон бозорлари, кўчма савдо дўконларига хеч қандай тўсиқларсиз тўғридан-тўғри етказиб берилмоқда.
Вилоятимиздан етиштирилиб, бошқа ҳудудларга реализация учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ўрганилган талаб асосида, эҳтиёжга қараб тақсимланмоқда. Шунингдек, маҳсулотлар ортилган юк машиналари ҳудудларга кириш ва чиқиш блок постларидан яшил йўлак механизми асосида ўтказилиб, ишлаб чиқарувчи нархида сотилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эпедемиологик шароитда аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг асосий вазифамиз саналади. Ҳозирда Хоразм вилоятига Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан янги хосилга кирган картошка, пиёз каби полиз экинларини “Даладан - дастурхонга” тамойили асосида олиб келиниб, арзонлаштирилган савдо дўконларида, деҳқон бозорларида сотилиши таъминланмоқда.
Департамент органлари томонидан йўлга қўйилган ушбу янги тизимфермер хўжаликлари, томарқа ер эгалари томонидан етиштирилган маҳсулотларни нобуд қилмасдан реализация қилишда, деҳқонлар етиштирган маҳсулоти ва меҳнати фойдасини кўришга шароит яратишга ҳамда аҳолини кафолатли тарзда муқобил нархларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғайратжон СУЛТОНОВ
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг
Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи