Ўзганинг товар белгисидан фойдаланиш меҳнат қилмай, тайёр ошга шерик бўлишдек гап. Фараз қилинг: сиз истеъмолчи ишончини қозониш, бозорда ўз ўрнингизни топиш учун маҳсулот ишлаб чиқаряпсиз. Унга харидорни жалб қилувчи ном бердингиз. Аста-секин маҳсулотингиз бозорда харидоргир бўла бошлади. Бироқ айрим уддабурон “тадбиркор”лар ҳеч қандай меҳнат қилмасдан айнан ўхшаш ном билан арзонроқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Натижа эса маълум. Ноҳалол тадбиркор қўлини совуқ сув урмай даромад қила бошлайди. Асл тадбиркор бозори эса аста-секин касодга учрайди. Ишчилар ойликсиз ва ишсиз қолади. Давлат бир потенциал солиқ тўловчидан маҳрум бўлади.

Шундай ҳолатга йўл қўймаслик учун Интеллектуал мулк агентлиги контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши мониторинг олиб бормоқда. Агентликка фуқаро С.Нигматовга тегишли “Восточный сыр” товар белгисидан бошқа фуқаро рухсатсиз фойдаланаётгани ва шу бренд остида республика бўйлаб пишлоқ маҳсулоти сотаётгани юзасидан ариза келиб тушди.

Мурожаат тегишли тартибда ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам, ноҳалол рақобат натижасида тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилувчи ҳолат мавжудлиги аниқланди. Тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди. Суд томонидан кўрилган ишда фуқаро З.Т. ўз хатосини тўғри тушуниб, товар белгисидан ноқонуний фойдаланишни тўхтатиш ва ўз товар белгисини яратиш ҳақида кўрсатма берди.

Ҳар қандай ишни хайрли якун топиши, албатта, яхши. Энди ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинган тадбиркор ишини янада ривожлантириб, маҳсулот турини кўпайтиришга интилади. Бошқаси бозорда ўз ўрнини топиш ва истеъмолчи ишончини ҳалол йўл билан қозониш учун изланади.