Ҳаёт қанчалар шиддат билан ўзгармасин, вақт қанчалар учқур отдек елмасин ҳар замон ва маконда адабиёт ва санъатнинг бош мезони инсон бўлиб қолаверади. Мусиқа, адабиёт, шеърият, миллий қадрият ва анъаналаримизга, миллий куй-қўшиқларимизга биз доим эҳтиёж сезаверамиз. Бу эҳтиёж бизнинг қон-қонимизга асрлар давомида сингиб кетган илоҳий бир туйғудир. Жамиятни, инсон ҳаётини фақат маърифат ва маданият, гўзал одоб ва ахлоқ асраб қолганидек, инжа ва нозик ҳис туйғуларимизни санъат ва адабиёт тарбиялайди. Инсон боласи эса доим ана шундай нозик ва латиф ҳис туйғуларга асрандидир.

Жорий йилнинг 26 майдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Очиғини айтиш керакки, санат ва маданият соҳасига оид қарор ва фармонлар бундан аввал ҳам чиққан, уларда бажарилиши лозим бўлган вазифалар аниқ тиниқ белгилаб ҳам берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Концепцияда миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг турли соҳаларига алоҳида урғу берилганди. Бунда қўшиқчилик, рақс, кино, театр, музей ва бошқа соҳалар қамраб олинган бўлиб, бир қатор устувор вазифалар белгиланди. Шунингдек, маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини реставрация қилиш бўйича миллий мактаб, шунингдек, халқ чолғулари, миллий рақс, мақом йўналишларида республика кўрик-танловлари қайта тикланди.

Мамлакатимизда мунтазам равишда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор санъати фестивали ҳамда «Рақс сеҳри» халқаро фестивали ташкил этилиб, ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналари ва анъаналарини ҳамда маданий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди.

Аммо Концепцияни амалга ошириш, соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизими яратилганича йўқ. Аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, бунинг учун республиканинг барча ҳудудларида театр, музей, кўчма цирк ва ҳайвонот боғлари фаолиятини доимий равишда йўлга қўйиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Юқоридаги вазифаларни самарали амалга ошириш, маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, маданият органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб янги тизимда ишлаш жорий этилиши кўзда тутилган.

Хусусан, «Ўзбекконсерт» давлат муассасаси концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилиши, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимнинг бекор қилиниши, давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб, уларнинг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари асосида ўтказилиши санъат аҳли вакилларига бирмунча қулайликлар ва ижодий эркинлик майдонини яратиб берди, десак муболаға йўқ. Яна бир муҳим жиҳати, бундан буён концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этиб борилади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб эса давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби ҳам жорий этилиши кўзда тутилган. Ижод аҳлини анчадан бери қийнаб келаётган бир муҳим масала бор эдики, бу ҳам бўлса муаллифлик ҳуқуқи эди. Бизда ҳали ҳануз муаллифлик ҳуқуқи йўлга қўйилмаган, бировнинг ижод маҳсулини бемалол «ўзиники» қилиб олиб ижро этиб юрган ижрочилар талай эди. Мана шу Фармонда ижодкорларнинг меҳнатларини юзага чиқариш, ижодий изланишларини қўллаб қувватлаш, янгилик яратишларида уларни маънавий жиҳатдан бир кўмакчи ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Палата ташкил этилиши ҳам белгиланган.

Бу палата ижодкорларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот ҳисобланади. Бундан ташқари, «Ўзбекконсерт» давлат муассасаси қошида етук мутахассислар, санъатшунос олимлар, бастакорлар, шоирлар қўйингчи кенг жамоатчилик вакиллари гуруҳидан ташкил топган Бадиий кенгаш ҳам қайта тузилиб, кенгашда хонанда ва ижрочиларнинг қўшиқларига ишланган клипларининг бадиий савияси, мазмун-моҳияти чуқур ўрганиб таҳлил қилиб борилиши ҳам режалаштириляпти.

Матлуба ТEМУР ҚИЗИ,

«Ўзбекконсерт» давлат муассасаси матбуот хизмати ходими