Меҳнат муҳожирларининг катта қисми Россия Федерациясида иш фаолиятини олиб боради. Бундан ташқари, 2021 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистондан 3354 нафар фуқаро Қозоғистонга, 1123 нафари Туркияга, 826 нафари Жанубий Кореяга, яна 1574 нафари бошқа мамлакатларга иш учун чиқиб кетган.

Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактаб битирувчилари сони 390 мингга яқинни ва 1-синф ўқувчилари эса 585 000 нафарни ташкил этади.

Бу эса ўз навбатида 10 йилдан сўнг битирувчилар сони 1,5 баробарга ортишини билдиради.

2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 437,3 минг нафар 11-синф битирувчиларидан 109,3 минг (25%) нафари ОТМга кирган бўлса, ОТМга кирмаган битирувчилар сони 328,0  мингни (75%) ташкил этди. 

Мамлакатимизда битирувчи ёшларнинг касб танлаши борасидаги қарорларини ўрганиш учун халқ таълими вазирлиги ишчи гуруҳи бевосита 900 та мактабга бориб педагоглар, ёшлар билан суҳбатлашди.

Битирувчилар билан суҳбат чоғида уларнинг қайси йўналиш бўйича ўқишни давом эттириши ва қайси касбни танлаши билан қизиқиб, касбларни билиш ва танлаш борасидаги фикрлари таҳлил қилинди.

Бундан ташқари илмий ёндашув асосида, Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан телеграмдаги расмий канали орқали (https://t.me/avloniyuz ва

https://t.me/raqamli_pedagogik_xizmatlar ) “Битирувчиларнинг режалари аниқ(ми)?” мавзусида сўровнома ўтказилиб, тадқиқот олиб борилди. Ўтказилган сўровнома натижалари таҳлил қилиниб, статистик рақамлар билан эълон қилинди.

Ҳар иккала ёндашув асосида – бориб кўрганда ҳам сўровнома ўтказилганда ҳам хулосалар бир хил бўлди.

 Сўровномада ҳам юқоридаги масала, “Агар сиз хорижда меҳнат қилишга кетишни режалаштирган бўлсангиз, нима сабабдан кетмоқчисиз?” деб сўралганда, уларнинг 37 фоизи ўқишга қизиқиши борлиги, аммо моддий имконияти йўқлиги сабабли кетмоқчилигини айтган. 9 фоиз битирувчиларнинг ўқишга қизиқиши йўқлиги сабабли кетмоқчилиги маълум бўлди. Респондентларнинг 33 фоизи эса бу саволга аниқ жавоб бера олмаган.

Сўровнома ва олиб борилган тадқиқотдан маълум бўлдики, мамлакатимизда юздан ортиқ касб мавжуд бўлса-да, битирувчилар бор-йўғи 20 га яқин касб ҳақида тасаввурга эга.

Энг ачинарлиси, 18 та фан ўқитувчилари билан суҳбатлашилганда, уларнинг ўз соҳаси бўйича битирувчиларга берадиган тавсияси энг кўпи билан 5-6 та касбни ташкил этмоқда.

Маълумот учун: Manpower Group бандлик сўровига кўра, дунё бўйлаб энг кўп талаб қилинадиган 5 та – “IT дастурий таъминот муҳандиси”, “Савдо ва маркетинг”, “Операциялар ва логистика”, “Ишлаб чиқариш (тармоқлар бўйича)”, “Офисда мижозлар билан ишлаш” каби касблар аниқланди.

Тадқиқот натижасида 20,9 фоиз битирувчилар педагогика ва психология касбини танлашини айтган, бу жами битирувчиларнинг 81500 нафарини ташкил этмоқда. Энг қуйи кўрсаткич ижодий соҳаларда эканлиги қайд этилган, яъни 1,4 фоиз. Ҳунарлар ичида энг баланд кўрсаткич ижтимоий хизмат соҳалари (сартарош, тикувчи, косметолог ва бошқалар)да (3,7%), энг қуйи натижа эса фермерлик, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва устачиликда (0,9%) эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирги вақтда республика мактабларида фанлар (23 та) бўйича педагог кадрларга бўлган эҳтиёж 6200 нафарга яқин.

Битирувчиларнинг 57 фоизи “Ўз истагига кўра” касб танлаётганликларини инобатга олиб, уларга юздан ортиқ мавжуд касблар ҳақида батафсил йўналишлар, видеороликлар, ёшлар фаол бўлган сайтлар, каналларда маълумотлар тақдим этилса, уларнинг қизиқишлари ортади.

Натижада республикамизда янги ташкил этилган, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликларга чет элликларни жалб қилиш ва унга бир неча баробар юқори маош тўлашга сабаб қолмас эди.

Натижалар 2021/2022 ўқув йилини тамомлаётган 11-синф битирувчиларининг 67 фоизи “Сизнинг бу йил 11-синфни битиргандан кейинги режаларингиз?” деган саволга аллақачон касб(соҳа)ларини танлаб қўйганини кўрсатмоқда. Аммо, келажаги ҳақида аниқ тасаввурга эга, деб ҳисобланган битирувчиларнинг кўпи касб-ҳунарлар ҳақида етарлича маълумотларга эга эмас. Ҳатто, жуда кўп касбларни билишмайди, яъни, меҳнат бозорида қайси касбга талаб юқори, қайси касбдан қанча даромад олиш мумкинлигига қизиқишмаган. 6 фоиз битирувчилар келажакни ҳозирдан режалаштиришга ҳали эрта деб ҳисоблашини ҳамда шахсий ҳаёт, оила қуришни режалаштираётганини таъкидлаган.

Бунинг натижасида меҳнат бозорида номутаносиблик юзага келаётир. Шу сабабли мактаб дастурларига касблар ҳақида мавзулар, маълумотлар киритиш, юқори синф ўқувчиларини касбларга ўқитиш ишларини жадаллаштириш талаб этилади.

Сўровнома таҳлил қилинганда, “Кириш имтиҳонларига қай даражада тайёргарлик кўрдингиз?” деган саволга битирувчиларнинг 44 фоизи кириш имтиҳонларига репетиторга бормасдан ўзлари мустақил тайёргарлик кўргани, 7 фоизи эса ўқиш нияти йўқлигини маълум қилган.

“Сиз касб танлашда нимага аҳамият бердингиз?” саволига 57 фоиз битирувчилар ўз истагига кўра касб танлаётганлиги аниқланди. 6 фоиз ёшлар ўзларини тўғри келган касб(соҳа)да синаб кўрмоқчилигини маълум қилган.

Умумий ўрта таълим мактаблари битирувчилари ҳақидаги тадқиқотлар давом этмоқда.

Аюбхон Раджиев,

А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти директори.