Қадриятлари, мафкуравий қарашлари ҳамда ягона тарихий маконга мансублигига кўра бирлашадиган жамиятлар ўрнини эндиликда биринчи галда профессионал даражаси, яъни касб-кори қадрланадиган одамлардан иборат жамиятлар эгаллаб бораётир. Дейлик, бугун Африка ёки Лотин Америкасининг олис бир қишлоғида истеъдодли спортчи, ихтирочи, ижодкор, муҳандис пайдо бўлса, қайси миллатга мансублигидан, қаерда яшашидан қатъи назар, дарҳол эътиборга тушади, дунёнинг энг донгдор жамоаси ёки компаниясига жалб этилади.
Четдан мисол излаб нима қилдик, қанча-қанча ёшларимиз жаҳоннинг манаман деган фирма ва халқаро ташкилотларида, футбол клубларида, олий ўқув юртларида фаолият юритиб, ўзбек ёшларининг нималарга қодир эканини амалда исботлаб келаётгани ўз ишини пухта биладиган одам ҳамиша эътиборда бўлишини кўрсатди. Хуллас, айни дам бутун дунёда одамни қадрлашда унинг ўз ишини қай даражада бажариши асосий мезонга айланиб бормоқда. Аммо мана шундай қайноқ жараён ичида кунимни бир амаллаб ўтказсам бўлди деган қараш билан юрганлар ҳам йўқ эмас. Қандай қулайлик яратилмасин, ҳеч қачон тўкис деб ҳисобламайдиган, шароицизлик баҳонасида нолиб юраверадиган кишилар бора-бора шунчаки фикр қилиш чарчатади деган хулосага келди, натижада улар ўз онгида эҳтиёжни сунъий равишда турғунлаштириб юборди. Эҳтиёжи турғунлашган одам эса изланмайди, тадбиркорлик йўлларини қидирмайди, касбини ҳаётининг мазмунига айлантира олмагач, табиийки, айнан ўша ҳунари унинг ҳаётини издан чиқаради, жуда узоқ йиллар ўзидан ҳам, ишидан ҳам кўнгли тўлмай юради.
Хўш, нега шундай? Нимага одамларнинг асосий эҳтиёжлари қондирилгани сари креативлик, яратувчанлик хусусиятлари торайиб, мақсадлари кичиклашиб боради? Нима учун бирдан туғиладиган зерикиш, ҳар нарсага тоқатсизлик, асабий кайфият бугун бизгача яшаган одамларникидан кўпроқ?
Ўтган йили муаллимлик масъулияти ҳақида ўқувчилари халқаро олимпиадаларда кетма-кет фахрли ўринларни эгаллаётган қашқадарёлик ўқитувчи Элбек Тўхтамуродов билан кечган ажойиб суҳбатни ёзиб олганимизда унда ушбу мавзу учун ҳам анчагина гаплар йиғилиб қолганини сезгандик. Шу сабаб Элбек аканинг ирода сусайиши, касбий сўниш, мақсадсиз одамнинг экзистенциал инқирози масалаларига ўқитувчилик касби нуқтаи назаридан ёндашиб фикр билдиришини сўрадик, унинг жавоби эса кутганимизданда фойдали ва манфаатли бўлиб чиқди.
Элбек ТЎХТАМУРОДОВ, Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг математика фани ўқитувчиси:
— Бугунги шароит деярли барча тажрибаларни синаб кўриш учун етарли деб ўйлайман. Илм қиламан десанг, марҳамат, лабораториялар мунтазир, ўқийман десанг, ҳатто отбоқаргаям ўзига мос соҳа топилади, кўпроқ пул топишни истаяпсанми, қандингни ур, давлат энг юқори даромадли касблар рўйхатини шакллантириб қўйибди, шулардан бирини танлаб ҳаракат қил.
Аммо шунда ҳам ишонарли сабаб келтиролмай нолишда давом этадиган одамлар топилаверади. Демак, муаммони фақат давлат тарафидан кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароит билан ҳал этиб бўлмайди. Бунда одамларнинг дунёқараши, масалага ёндашуви ҳам катта аҳамият касб этади. Қолаверса, бўлажак мутахассиснинг ўзига, у вояга етаётган муҳитга кўп нарса боғлиқ. Шу тарафлама қарасак, айрим ота-оналар онгида ҳануз бу борада эскича қарашлар барҳам топмагани бор гап. Ҳали ҳам ўғлим ойликка қараб кун кўрадиган ўқитувчи ёки шифокор бўлмайди, у юрист бўлади, болам қора мойга ботиб юрадиган кончи, уста ёки хизматчи эмас, катта амалдор бўлади дея бугунги ҳаёт талабини тушунмай, ҳатто менсимай юрган ота-оналар кам эмас. Улар эл-юрт манфаати, миллат келажагини эмас, балки кўпроқ шахсий иззат-нафсини ўйлайди. Уларни касбнинг сир-асрори, жозибаси, хосияти эмас, ундан келиши мумкин бўлган ноқонуний фойда ва даромад, у орқали эришиладиган амал мартаба кўпроқ қизиқтиради. Ҳолбуки, юқорида айтганимиздек, ҳозирги кунда касб-ҳунар борасидаги қарашлар мутлақо ўзгариб кетди. Энди «оддий касб», «биринчи ёки иккинчи даражали касб» деган тушунчалар жуда нисбий бўлиб қолди.
Ҳозирги тараққиёт замонида оддий тикувчидан тортиб қурувчигача, сантехникдан тортиб ресторан ошпази, тажриба ўтаётган амалиётчигача жамиятда ўз ўрни ва нуфузини топиб бормоқда. Уларнинг баъзилари ҳатто обрў-эътибор ва бойлик орттиришда сердаромад касб эгаларини ҳам ортда қолдирмоқда. Масалан, бир ойна артувчи вайнерни биламан. Хорижлик. Турли иншоотлар ойналарини артишга шу даражада санъаткорона ёндашадики, оппоқ кўпик ёрдамида ойнага машҳур компания брендларининг логоларини «чизиб», ижтимоий платформаларга жойлайди. Кўзни тинчлантирувчи ушбу жараён миллионлаб олқиш йиғади. Адашмасам, ўша одам ҳозир йиллик шартномага эга рекламалар олади, анча бойиган, лекин барибир касбини ташламаган.
Тасаввур қиляпсизми, у шунчаки ойна артарди ва бундан роҳатланарди, натижаси эса… ақл бовар қилмайди. Демак, ишини меҳр билан астойдил ва пухта бажарадиган бўлса, ҳеч қайси касб эгаси хор бўлмайди. Негаки дунёда кераксиз касбнинг ўзи йўқ. Бордию, ишини ўлда-жўлда, дейлик, дарс соатлари тугашини ўқувчилардан кўп кутадиган муаллимлар, беморнинг қўли чўнтагига бир кириб чиққандан сўнг ҳаракатга келадиган шифокорлар, кунини уйқу билан ўтказадиган талабаларга ўхшаб қўл учида қиладиган бўлса, юристми, иқтисодчими, дипломатми — бундан қатъи назар, номдор дорилфунуннинг дипломи ҳам ёрдам беролмайди, бундай «мутахассис»нинг бозори касодга учрайди.
Ҳар ишда, аввало, меҳр, тоқат керак. Меҳр ва сабр — профессионализмнинг асоси. Албатта, билим, кўникма ва тажриба ҳам зарур. Лекин ҳар бир касбнинг моҳиятини, таъбир жоиз бўлса, гўзаллик ва нафосатини ҳис этиш учун, аввало, меҳр ҳамда сабр бўлмоғи лозим. Мирзо Улуғбекнинг буюк мунажжим бўлиб етишиши учун асос бўлган нарса юлдузларни ўрганишга иштиёқ эмасми? Бу улуғ зотнинг бошқа соҳалар бўйича маълумоти ва тажрибаси ҳам етарли, бироқ мунажжимликка муҳаббати барчасидан кучлироқ эди.
Айрим ота-оналар кўпинча касб-ҳунар билан мансабнинг фарқига бормайди. Улар юрист ёки сиёсатшунос бўлган одам эртага, албатта, катта амалдор бўлиб етишади деб ўйлайди. Ваҳоланки, мансаб мартабага фақат диплом билан эмас, ишга ҳалол муносабат, эл-юртга садоқат, фидойилик, раҳбарлик салоҳияти каби кўплаб фазилатлар эвазига эришилади. Ахир амалдор сўзи ҳам доим иш билан машғул, иши кўп одам маъносини билдиради. Бунинг устига, мансаб бир умрлик бойлик манбаи ҳам эмас. Мансаб — аввало, ишонч ва масъулият. Ўзига хос бир омонат. Бу омонатни бус-бутун сақлаш, ишончга муносиб бўлиш учун ҳам илм-ҳунар, қобилият даркор. Шу боис, яхши касб — бир умрлик ҳамроҳ, десак тўғри бўлади. Мансаб қўлдан кетиши мумкин, аммо илм-ҳунарни ҳеч ким тортиб ололмайди. Шунинг учун қадимда шоҳ бўлсин, гадо бўлсин — ҳамманинг фарзанди имкон қадар касб-ҳунар ўрганган.
Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги Фарҳодни олайлик. У — кимсан Чин хоқонининг ўғли, тахт вориси. Лекин дунёда у ўрганмаган ҳунар қолмайди. Тош йўниш ёки меъморликни ҳам, камон отиш, отда чопиш, сувда сузишни ҳам — ҳамма-ҳаммасини мукаммал ўрганади. Нега? Аслида, шу ҳунарларни эгалламаган тақдирда ҳам Фарҳод олий мансабдор — подшоҳ бўлишга ҳақлику. Гап шундаки, Фарҳод шоҳ бўлиш, мамлакатни бошқариш учун аввал илму ҳунар ўрганиш, масъулиятли вазифага муносиб бўлиш лозим деб ҳисоблаган.
«Ҳаёт турғунликка юз тутмайди…»
Маъруф ОЧИЛОВ, психолог:
— Бугун фарзанд тарбиясида, унга илм-маърифат ўргатишда бир ёқлама иш тутиб, лоқайдликка йўл қўяётган ота-оналар камми? Ҳамманинг фарзанди юрист ёки банкир, журналист ёки санъаткор бўлса, техник тараққиёт, ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ бошқа ишларни ким қилади? Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳозирданоқ техник таъмирлаш ёки тузатиш билан боғлиқ жиддий ишлар бўлса, ўзга миллатга мансуб мутахассисни излаб қоламиз.
Боиси, ўзимизнинг ёшлардан ўшалар даражасида ишни қойилмақом қилиб бажарадиганлари ҳали етарлича кўп эмас. Мактабларимизда меҳнат дарслари кўнгилдагидек ўтилмайди. Болаларни ҳунарга қизиқтирадиган касб тўгараклари тикувчилик-бичувчилик, кулоллик ёки ёғоч устачилигидан нарига ўтмайди. Айримлар энди замон ўзгарди, аввало, инглиз тилини ўрганиш керак деб боланинг диққат-эътиборини фақатгина шу соҳага йўналтиради.
Меҳнат ва касб тарбиясидаги бир ёқламалик, ёшларга илғор ва фаол касблар, дейлик, техник тараққиёт билан боғлиқ ҳунарларни камроқ ўргатиш охир-оқибатда инсоннинг турмуш тарзи, дунёқарашига ҳам таъсир этади. Бунинг натижасида одам фаол, тўлақонли ҳаёт кечириш ўрнига ҳамма масалада «бизга шуниси ҳам бўлаверади», «кунимиз ўтиб турса бўлди» деган заиф ва ночор ёндашувга амал қилиб яшайдиган бўлиб қолади. Бу эса пировардида жамият ҳаётининг орқага кетиши, қолоқликка дучор бўлишига олиб келади. Ваҳоланки, бугунги кунда фақат рўзғорни эмас, балки дунёни тебратишга арзийдиган касб-ҳунарларни эгаллаш учун кураш бормоқда.
«Рўзғорни тебратишга ярайдиган бирор касб бўлса, бас» деган қарашнинг ўзида касб-ҳунарни мукаммал ўрганишга рағбат ва иштиёқ йўқлиги яққол билиниб туради. Тўғри, буни халқимизга хос сабр-қаноат ҳисси билан изоҳлаш мумкиндир. Албатта, тана ва руҳни соғлом тарбиялаш, моддий бойликлардан тежамкорлик билан фойдаланиш, ҳаётни оқилона йўлга қўйиш масаласида сабр-қаноат керак. Аммо касб-ҳунар ўрганишда қаноат ва чегара бўлмаслиги даркор.
Ҳозирги ланж кайфият — руҳимиздаги танбаллик ва заифлик, ҳаётга фаол аралашишдан чўчиш асорати. Шунинг учун айрим юртдошларимизда енгил-елпи бажариладиган, лекин тушуми, даромади оила эҳтиёжини қоплашга етадиган юмушларни излашга иштиёқ кучли. Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб, ўзини ишбилармон қилиб кўрсатиш иллати шундан келиб чиқади. Бироқ ҳаётда кам куч, билим ва тажриба сарфлаб, меъёридан ортиқ фойда олинадиган иш ёки касб бўлмайди. Дунёда ҳамма нарса ҳисоб-китобли, ҳамма нарса мутаносиб — нима эксангиз, шуни ўрасиз. Касбни чала эгаллаб, зўр одам бўламан деганлар адашади.
Фахриддин Мусаев ва Муртазо Қаршибойнинг бундан салкам йигирма йил олдин ёзилган «Ҳар ишда меҳр керак» мақоласида айни кайфиятимиз баён этилган. Содир бўлган баъзи ҳолатлар ўша пайти башорат қилинган. Мақолада атоқли немис мутафаккири Макс Вебер таҳлил этган қуйидаги мисол келтирилган: ўрилган бир морген (0,25-0,33 гектар) ғалла учун бир марка ҳақ оладиган ўроқчи кунига 2,5 морген ғалла ўради ва 2,5 марка ҳақ олади. Хўжайин ҳосилни нобуд қилмай, тезроқ йиғиб олай дейдию, иш ҳақини одатдагидан кўра бир оз оширади — бир моргенга бир эмас, 1,25 марка ҳақ тўлашга рози бўлади. Шу тариқа унумдорлик уч моргенгача ортишига умид қилади. Лекин ташаббускорликдан йироқ, анъанавийлик руҳида тарбия топган ўроқчи кўпроқ пул ишлаб қолиш имкониятидан фойдаланиш ўрнига шундоқ ҳам етиб турибдику, бўлдида деб одатдагидек 2,5 маркалик иш билан кифояланади: энди 2,5 морген ўрнига 2 морген ўра бошлайди.
Фалсафашунос Абдураҳим Эркаев бу мисолни шарҳлар экан, бундай хулоса чиқаради: «Кўрдингизми, анъанавийлик руҳидаги меҳнат ва турмуш шароитида моддий рағбат биринчи ўринда турмайди ва у самарали иқтисодий омилга ҳам айланмайди. Чунки бундай шароитда инсон эҳтиёжлари турғунлик касб этади. Эҳтиёжлар турғунликка юз тутгани билан ҳаёт турғунликка юз тутмайди. Аксинча, турғунликка юз тутган эҳтиёж билан тараққиёт ўртасидаги зиддият кучайиб, янги-янги муаммолар пайдо бўлаверади».
Ҳа, Маъруф аканинг хулосаларида, афсуски, жон бор. Тоқатсизлик, дангасалик зангга ўхшайди. Нарсалар кўп ишлаш оқибатида эмас, зангдан тезроқ емирилади. Катта натижаларга эса, аввало, уларга меҳр қўйиб, шу йўлдаги интилишни эътиқодга айлантириш орқали эришилади.
Эътибор берганмисиз, хорижликлар иш масаласида, касбга доир юмушларда бир-бирини аяб ўтирмайди, роботдек юз фоизлик натижа учун ҳаракат қилади. Чунки улар ўз ишини эътиқоддек муқаддас деб билади. Уларнинг ишига бўлган иштиёқида оиласи, ватани ва халқига муҳаббати мужассам. Бордию, ишига озгина хиёнат қиладиган бўлса, бундан унга ишонч билдирган жамоаси қанчалик зарар кўришини яхши тушунади.
Биз бор меҳримизни фарзандларимиз, оиламиз, ёру дўстларимиз, ватанимиз ва халқимизга бериб яшаймиз. Бегона одамларга қалбимизни очиб, уйимиздан жой бериб, мурувват кўрсатамиз. Муносабатимиз самимийлигини ифода этиб, топган-тутганимизни сарфлаб, катта тўйлар қиламиз, эл ҳашарларида қатнашамиз, хайрли ишларга иккиланмай бош қўшамиз. Баъзан ҳаддан ошириб юборган жиҳатларимиз бўлади. Ана шу буюк меҳрнинг бир қисмини касб-ҳунарга, замонавий илмларни ўрганишга бағишласак, мақсадларимизга тезроқ етишимиз, бир улуғвор ғоя атрофида бирлашиб, тараққиётнинг бошида бораётган халқлар сафига чиқишимиз шубҳасиз. Айтишадику, қилаётган ишингизни севишингиз керак, ана шунда меҳнат — ҳатто энг оғир меҳнат ҳам — ҳаётингиз мазмунига айланади.
Азизбек ЮСУПОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири